Аслиддин Дўстов оиласида оғир йўқотиш

Таниқли хонанда Аслиддин Дўстов оиласида оғир жудолик юз берди. Санъаткорнинг отаси оламдан ўтгани ҳақида унинг ўзи ҳамда қизи — актриса Хонзода Дўстова 27 апрель куни ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали маълум қилди.
Мазкур хабар санъат ихлосмандлари ва кенг жамоатчилик томонидан чуқур қайғу билан қабул қилинди. Оила учун оғир бўлган бу йўқотиш, айниқса, Аслиддин Дўстов ижодий ҳаётида муҳим ўрин тутган инсоннинг вафоти билан боғлиқ экани билан янада аламли бўлди.
Санъаткор аввалги интервюларидан бирида отаси ҳақида илиқ хотиралар билан сўзлаб, унинг ҳаётидаги беқиёс ўрнини алоҳида таъкидлаган эди:
“Биринчи бор қўлимга тор ушлатган ҳам, илк устозим ҳам отам бўлади,” — дея эътироф этган эди у.

Бу сўзлар марҳумнинг нафақат ота, балки фарзанди учун устоз ва йўл кўрсатувчи бўлганини яна бир бор тасдиқлайди. Айнан шу инсон Аслиддин Дўстовнинг санъатга кириб келишида муҳим рол ўйнаган.
Таҳририят номидан Аслиддин Дўстов ва унинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!