date

Ўзбекистонда валюта облигациялари чиқариш тартиби расман тасдиқланди

Ўзбекистонда валюта облигациялари чиқариш тартиби расман тасдиқланди

Адлия вазирлиги томонидан капитал бозорида янги молиявий инструментларни жорий этишга қаратилган муҳим ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди. Гап чет эл валютасида ифодаланган облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш тартибини белгилаб берувчи меъёрий ҳужжат ҳақида бормоқда. У «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, валюта облигациялари — номинал қиймати ва даромади хорижий валютада белгиланадиган эмиссиявий қимматли қоғоз ҳисобланади. Ушбу инструмент облигация эгасига белгиланган муддатда асосий маблағни ва эмиссия рисоласида кўрсатилган даромадни олиш ҳуқуқини беради.

Қоидаларга кўра, бундай облигацияларни фақат Ўзбекистон резиденти бўлган ва «Тартибга солиш қумдони» иштирокчиси мақомига эга юридик шахслар чиқара олади. Бунда улар мустақил аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланган ижобий йиллик молиявий ҳисоботга эга бўлиши шарт.

Шунингдек, бир эмитент томонидан чиқариладиган валюта облигацияларининг умумий ҳажми 50 миллион АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги белгилаб қўйилган. Бу чеклов бозордаги барқарорлик ва хавфларни камайтиришга қаратилган.

Ҳужжатда облигациялар таъминланган ёки таъминланмаган ҳолда чиқарилиши мумкинлиги ҳам кўрсатилган. Бироқ, таъминотсиз облигациялар фақат эмитентнинг ўз капитали миқдори доирасида чиқарилишига рухсат берилади. Агар бу чегарадан ошса, ортиқча сумма учун албатта қўшимча таъминот тақдим этилиши талаб этилади.

Валюта облигацияларини чиқариш, жойлаштириш, муомалага киритиш, шунингдек улар бўйича даромадларни тўлаш ва сўндириш жараёнлари устидан назорат Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан амалга оширилади.

Мутахассислар фикрича, мазкур қадам Ўзбекистон капитал бозорини диверсификация қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва молиявий инструментлар турини кенгайтириш йўлида муҳим босқич бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Ўзбекистонда валюта облигациялари чиқариш тартиби расман тасдиқланди