12:18 / 14.10.2018
4 529

“Қора олтин”: нефть қачон тугайди ва у тугаса нима бўлади?

“Қора олтин”: нефть қачон тугайди ва у тугаса нима бўлади?
Бугунги кунда сайёрамиздаги кўп нарсалар нефть нархига боғлиқ бўлиб қолди. Нефть баррели нархи ошиши бензин ва керосин нархига тасъир қилади, бунинг натижасида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи ошади (трактор ва комбайнлар ёнилғи билан ишлайди), дўконлардаги маҳсулотлар қимматлашади (транспорт харажатлари ошиши эвазига). Аксарият ривожланган давлатларнинг валюталари нефть билан боғланган. Нефть ҳаттоки давлатлар ўртасидаги сиёсий муносабатларга ҳам катта таъсир кўрсатади. Хўш, “қора олтин” Ер аҳолиси учун битмас-туганмас бойликми ва у тугаб қолса саноат нимадан фойдаланади?

Нефть захираси қанча?

Статист ва аналитикларнинг фикрича, 21 аср ўрталарига келиб мавжуд нефть захирасининг ярмидан озроғи қолади. Россияда йилига 500 млн тоннадан ортиқроқ нефть қазиб олинади ва унинг захираси 12 млрд тоннани ташкил этади. Ҳисоб-китобларга кўра, қазиш шу тарзда давом этса, мамлакатдаги нефть захиралари 30 йилга етади. 46 млрд тонна нефть захираларига эга Венесуэла яна тахминан 230 йил “қора олтин” қазиб олиши мумкин. Саудия Арабистони 36 млрд тонна нефть захираси билан 2-ўринда туради ва бу захира яна 70 йилга етади.

Статистика ҳисоботларига кўра, бутун жаҳондаги нефть захиралари яна 50 йилга етади.

Нефть тугаса нима бўлади?

Бу саволга иккита жавоб бор. Биринчидан, нефть ресурслари ва мамлакатлар нефть захиралари орасидаги фарқни тушуниб олиш лозим. Биринчи гуруҳга, қазиб олинмайдиган ресурслар киради. Бу эса инсоният янги нефть конларини ўзлаштириши ва қазиб олишнинг инновацион усулларини яратиши учун яна 50 йил вақти бор дегани. Мазкур жавоб эса нефть ҳеч қачон тугаб қолмаслигини англатади.

Хўш, агарда инсоният 50 йилдан сўнг нефть қазиб олишнинг имконини топа олмаса нима бўлади? У ҳолда бозорни бутунлай янги турдаги хомашё эгаллайди. «Нефть асри» якунига етадиган бўлса, у ҳолда муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга тўғри келади. Ҳозирда уларнинг қуйидаги турлари мавжуд: шамол энергияси, биоёнилғи, қуёш энергетикаси, гидроэнергетика, геотермал энергетика ва ядро энергетикаси.

«Глобал энергия» ассоциацияси (унинг таркибига дунёнинг турли мамлакатларининг 20 нафар олими киради) экспертларининг фикрича, 2100 йилга келиб дунё ёнилғи-энергетика соҳасида нефть ва газнинг улуши мос равишда 2,1% ва 0,9%ни ташкил этади, бозорнинг ўндан бир қисмини термоядровий энергетика эгаллайди ва жаҳон электр энергиясининг чорак қисмидан кўпроғи қуёшдан олинади.

Қуёш энергетикаси

Қуёш энергиясидан саноат ва маиший миқёсда фойдаланилади. Дунёда қуёш электроэнергиясини ишлаб чиқариш 2004 йилдаги 2,6 ТВт/соатдан 2016 йилда 301 ТВт/соатга етди ва бу соҳа йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Халқаро энергетика агентлиги экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга келиб инсониятнинг электрга бўлган эҳтиёжининг 20–25%и қуёш ёрдамида таъминланади.

Фото: Flickr
Кейинги беш йилда қуёш энергияси таннархи тахминан 80%га пасайди.

Мазкур соҳа ривожига Яқин Шарқ мамлакатлари улкан ҳисса қўшмоқда. 2017 йилда Дубай ҳукумати дунёдаги энг йирик қуёш электр станциялари тармоғи қувватини яна 700 МВтга оширишини эълон қилди. 2018 йил апрелда эса Саудия Арабистонида қуввати 200 ГВтли электр станцияси қурилиши ҳақида хабар қилинди. Бу лойиҳага 200 млрд доллар сарфланади.

Бундан ташқари, қуёш энергетикаси Хитой (умумий қуввати — 52 ГВт), АҚШ (12,5 ГВт), Ҳиндистон (9 ГВт), Япония (5,8 ГВт) ва Германияда (2,2 ГВт) жадал ривожланмоқда.

Шамол энергетикаси

Энергетикада ривожланиб бораётган яна бир соҳа шамол энергетикасидир. 2016 йилда дунёдаги барча шамол генераторларнинг умумий қуввати 432 ГВтни ташкил этди.

Шамол энергияси айрим мамлакатлар энергетикасида муҳим аҳамиятга эга. Масалан 2014 йилда Даниядаги электр энергиясининг 39%и шамол генераторлари ёрдамида ишлаб чиқарилган. Ўша йили Германияда ишлаб чиқарилган электрнинг 8,6%и шамол генераторлари улушига тўғри келган. Шотландиядаги уй хўжаликларини шамол энергетикаси электр билан таъминлайди.

Атом энергетикаси

Атом электр станциялари «яшил» энергетикага киради, чунки улар атмосферага жуда кам миқдорда углерод чиқаради. АЭС юқори самарадорликка эга, уларнинг ишлаши учун керак бўладиган ёнилғи захираси эса чексиз муддатга етади: атом станциялари урандан ташқари ядро ёнилғиси чиқиндисида ҳам ишлайди.

Фото: Pixabay
Бугунги кунда дунёда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 11%и АЭСларга тўғри келади. Энг кўп атом реакторлари АҚШ, Франция, Хитой ва Россияда жойлашган.

Биоэнергетика

«Биоэнергетика» турли кўринишдаги биоёнилғилар: қипиқ, ёғоч қолдиқлари, биогаз, водород, биодизелдан электр ишлаб чиқаришни англатади. Биоэнергетиканинг ривожланиши турли органик чиқиндиларни утилизация қилиш муаммосини ҳам ҳал қилишга ўз ҳиссасини қўшади.

Жаҳонда биоёнилғи ҳажми 2005 йилда 15,7 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2013 йилда 97,8 млрд долларга етди. Бугунги кунда АҚШ, Бразилия ва ЕИ давлатлари ўсимлик ва ҳайвон ёғидан ёнилғи ишлаб чиқариш бўйича етакчи ҳисобланади.

«Ақлли энергия»

Шунингдек экспертлар энергетика келажагини «ақлли» энергетика ривожида ҳам кўришмоқда.

Ҳозирда айрим мамлакатларда интеллектуал тармоқлар ишга туширилмоқда. Мазкур тармоқлар интеллектуал тизим ва сервислар ёрдамида бошқарилади. Бунда ишлаб чиқарувчилар ва энергия истеъмолчилари ўртасида энергия алмашув тизими яратилади. Натижада тармоққа худди интернетга улангандек уланиш мумкин бўлади ва ресурс ҳамда хизматлар эркин алмашилади.

Энергия тизими марказдан бошқарилмайди, энергия эса йирик электр станциялари томонидан эмас, балки бир-бири билан «мулоқот қилувчи» қурилмалар орқали етказиб берилади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » “Қора олтин”: нефть қачон тугайди ва у тугаса нима бўлади?