13 август куни Мўғулистон Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазирлиги давлат котиби Жамбалсерен Темур-Уя мамлакатга ташриф буюрган Ўзбекистон делегацияси билан учрашув ўтказди. Делегацияга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов раҳбарлик қилди.
Учрашув бошида Илзат Қосимов икки давлат ўртасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган юқори даражадаги ташрифлар ва улардан келиб чиққан келишувларнинг тез ва самарали тарзда бажарилаётганини алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, амалий натижалар аллақачон кўзга ташланмоқда. Масалан, Ўзбекистон Мўғулистондан 100 минг бош тирик қўй ва эчки сотиб олишга келишган ва дастлабки босқичда 15 минг бош қўй етказиб беришга тайёрлиги билдирилган.
Шу билан бирга, Илзат Қосимов Мўғулистондан Ўзбекистонга экспорт қилинаётган қўй гўшти маҳаллий бозорда катта талабга эга эканини таъкидлади. Маҳсулот сифатининг юқорилиги ва истеъмолчиларнинг қизиқиши туфайли, келгусида қайта ишланган қўй гўшти ҳам тўғридан-тўғри Ўзбекистоннинг тармоқ дўконлари орқали сотилиши мумкинлиги маълум қилинди.
Ўзбекистон томони гўшт савдоси йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантиришда хусусий секторнинг фаол иштироки зарурлигини эслатди. Илзат Қосимов Мўғулистондаги йирик гўшт ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларини Ўзбекистон бозорида ўз фаолиятларини йўлга қўйишга таклиф қилди.
Шунингдек, у икки давлат ўртасидаги шериклик фақат қўй савдоси билан чекланиб қолмаслигини, балки жун ва кашемир соҳаларида ҳам улкан имкониятлар мавжудлигини таъкидлаб ўтди.
Хулоса қилиб айтганда, учрашув Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида иқтисодий алоқалар янада чуқурлашиб, қўшма лойиҳалар ва янги бозорлар учун йўл очишини кўрсатди. Бу эса икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўйилаётганидан далолатдир.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!