06:30 / 24.12.2018
4 485

Мажбурий обуна ва GM-Uzbekistan автозаводи машиналарининг қандай ўхшашлиги бор?

Мажбурий обуна ва GM-Uzbekistan автозаводи машиналарининг қандай ўхшашлиги бор?
Иқтисодчи, АҚШнинг Висконсин университети бизнес-мактаби докторанти, «Буюк келажак» экспертлик кенгаши аъзоси Беҳзод Ҳошимовга ўқувчиларидан бири «Мажбурий обунанинг иқтисодиётга қанчалик таъсири бор?» деб савол берган. Иқтисодчи, эксперт ўзининг Telegram каналида мазкур саволга батафсил жавоб берган.

* * *

Мажбурий обунани макро иқтисодиётга таъсири албатта ёмон. Лекин статистик маънода кўзга ташланарли эмас. Яъни, ихтиёрий «мажбурлаш», иқтисодиётдаги ресурсларнинг самарали тақсимланишига тўсиқдир ва озгина бўлса-да, ҳаммани қашшоқлаштиради.

Лекин бу рақам шунчалик кичкинаки, ҳеч ким аҳамият бермайди, иқтисодчилар хоҳласа ҳам статистик маънодаги иқтисодиётга зарар ҳажмини ҳисоблай олишмайди.

Бошқа мисолни олайлик: дейлик, обунани эмас сизга чет элдан келган машиналарга бож қўйиб, маҳаллий заводларда чет эл деталларидан ясалган машиналар сотиб олишингизни «мажбурлашди». Божлар ҳам мажбурий обуна ҳам, айни тенг нарсалар— уларнинг фарқи иқтисодиётга етказадиган шикаст миқдоридадир.

Нима учун божлар билан мажбурий обуна бир хил?

Чунки икковида ҳам сизни пулингизни қаерга ишлатилишини ўзингиз танламаяпсиз, сизга буюришяпти. Сиз ўзингиз ишлаб топган пулингизни биров қаерга ва қандай миқдорда ишлатилишини айтиши иқтисодни кичрайтиради, чунки айтаётган муассаса (ким бўлишидан қатъи назар), сизнинг хоҳишу истакларингизни сиздан кўра ёмонроқ билади. Шунинг учун иқтисодиётдаги пул ва ресурслар тақсимоти оптимал даражадан пастроқ бўлади.

Масалан, обуна 10 минг сўм бўлсин, у бўлмаганида, сиз у пулга таксида бир жойга борар эдингиз, обуна бўсангиз у жойга бора олмайсиз (обунанинг муқобил харажатлари). Демак, такси ҳайдовчиси ҳам пулини олмайди, у ҳам сал камроқ гўшт олади, қассоб эса сал камроқ ун олади, унчи эса сал камроқ шакар олади ва ҳоказо. Бундай обуна ҳаммани, ўртача сал-пал камбағаллаштиради.

Обуна бўлсангиз ҳам кимнидир қозони қайнайди, деб ўйлашингиз мумкин, лекин шу билан бирга иқтисоддаги пул «нотўғри» тақсимланган бўлади — яъни, ўзингиз ихтиёрингиз билан пулингизни ишлатганингизда иқтисод сал-пал каттароқ бўлар эди. Обуна мажбурий бўлмаса, ўша ҳеч ким ўқимайдиган газетадаги ишчилар муҳаррирликдан кўра бошқа касб қилишлари мумкин эди — бу ерда инсон ресурслари ҳам нотўғри тақсимланяпти.

Энг муҳими, ўша газета ишчилари сиздан мажбурий равишда олинаётган пул эвазига яшаётганликлари учун, газета сифати устида ишлашга ҳеч қандай истаклари бўлмайди: чунки уларнинг меҳнати сифати ва даромадлари боғланмаган. Сиз хоҳиш билан бермадингиз-ку пулни?! Улар, кейинги йил ҳам сиздан шу тариқа пул олишини биладилар ва қаттиқроқ ишлашга уларда рағбат қолмайди, яъни сизнинг тўловингиз самарасиз ишлашни рағбатлантирияпти — бу ҳам капитал, ҳам меҳнат ресурслари уволидир.

Мажбурий обуна бекор бўлса, унга боғланиб қолган газеталарда умуман обуначилари қолмайди, банкрот бўлишади. Бу — улар иқтисодда ҳеч нима яратмасдан келганликларидан далолатдир. Иқтисодиётимиз уларнинг фаолиятидан зарар кўраётганлигининг далолатидир (айтиб ўтиш керак бу масалада кичик деталлар бор: масалан, ташқи таъсирлар, экстерналиялар, яъни ҳар доим ҳам айни бу хулосага келмаслигимиз мумкин лекин ушбу суҳбатни уларсиз давом эттиришимиз нотўғри эмас).

Иқтисодиётга наф қандай ўлчанади? Ким наф келтиради?

Иқтисодга келтириладиган наф тўлашга розилик билан қабул қилиш розилиги орасидаги фарқда ўлчанади. Масалан, бозорга пиёз олишга тушдингиз, бир кило пиёз учун 5.000 сўмдан кўп тўлашга норозисиз. Демак, пиёз 4.900 сўм бўлса, бажонидил оласиз. Бозордаги сотувчи эса 4.000 минг сўмдан камроққа сотишга норози, демак 4.100 сўмга бажонидил сотади. Икковингиз 4.000 ва 5.000 сўм орасида бир нархга келишасизлар, айтайлик, 4.800 сўм. Шунда сиз 200 сўм ютган бўласиз, сотувчи эса — 800 сўм.

Бу нарсада бир гўзаллик бор: қандай нархга келишишингиздан қатъи назар, Ўзбекистон иқтисодиёти 1.000 сўм фойда кўради. Айнан шу иқтисодий наф дейилади.

Энди обуна учун сиз 0 сўм тўлашга розисиз, газетачилар эса 10.000 сўм беришингизни хоҳлашади. Ихтиёр сизда бўлса бу газетага обуна бўлмас эдингиз, шунинг учун мажбурлаш туфайли иқтисодга зарар 10.000 сўмга тенгдир.

Агар, дейлик, сиз бу газета учун 2.000 сўм беришга тайёр бўлганингизда унда зарари 8.000 сўм бўлар эди. Агар умуман текинга бўлса ҳам ўқишни истамасангиз, фақат кимдир яна 10.000 сўм берсагина ўқишга рози бўлсангиз, унда зарар тегишли равишда 20.000 сўмни ташкил қилади.

Божлар билан обуна нима учун бир хил нарса?

Худди шундай божлар билан. Биринчидан, сиз божлар туфайли машина учун 10 миллион сўм ошиғи билан тўлашингиз керак. Агар бож бўлмаганида, чет эллик машинании харид қилиб, чўнтагингизда яна 10 миллион сўм «ортиқча» қолар эди, лекин бу 10 миллион ҳам ортиқча эмас, чунки сиз уни бошқа нарсаларга ишлатар эдингиз (10 миллион сўмга бойроқсиз) ва шу билан бирга иқтисодиёт ривожланар эди. Лекин қайсидир аҳоли қатлами учун 10 миллион фарқ шунчалар каттаки, улар умуман машина харид қила олишмайди, яъни агар божлар бўлмаганида кимнидир хонадонида машина бўлар эди.

Бу ерда иқтисод ютқазиши қуйидагича: агар кимдир машина учун 50 миллион сўм беришга тайёр бўлса-ю, машина 40 миллионга сотилса, иқтисод 10 миллион сўмга ошади, лекин сунъий равишда, божлар туфайли машина нархи 50 млндан ошиқ бўлса, қандайдир одам машинани ололмайди, демак, иқтисод 10 миллионлик потенциал фойдани йўқотади.

Шунга ўхшаш бўлиб ўтмаган савдоларни йиғиндиси иқтисодга бўлган иккинчи турдаги шикастининг ҳажмидир. Қайтариб ўтаман: икки хил ютқазиш бор, бир турдаги одамлар ўртача 10 миллион сўмни бошқа жойларга сарф қилишни ўрнига божларга деб ўша «маҳаллий» ишлаб чиқарувчига тўлашади, иккинчи ютқазиш эса, сотиб ололмаган инсонларнинг савдоси туфайли иқтисодиёт ололмаган «фойдаси» ҳажмидир. Фанда бу тегишли равишда даромад таъсири (income effect) ва алмаштирув таъсири (substitution effect) дейилади.

Иккинчидан, агар машина ишлаб чиқарувчи тадбиркор божхона тўсиқлари орқали рақобатдан чегараланган бўлмаганида, у пулини бошқа, самарадорлироқ нарсага йўналтирар эди ва иқтисодда ресурслар тўғрироқ тақсимланарди. Тадбиркор ишлатаётган инсонлар ҳам бошқа жойларда фаолият олиб боришар эди: аминманки кўпчилик қиёсий ва мутлақ устунликлар ҳақида хабари бор.

Бундан ташқари, божлар билан муҳофазаланганликлари учун ишлаб чиқарувчилар самаралик ишлашларига ҳеч қандай истак ва рағбат қолмайди — чунки бозор нархидан қимматга сота олишларини биладилар. Уларнинг хориждаги рақобатчиларида самарадорликни кучайтириш учун рағбат кучлик бўлганлиги учун эса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар вақт ўтгани сайин тобора самарасизроқ фаолият олиб борадилар.

Шунинг учун ҳам обунани шикастини каттароқ миқёсда қандай бўлади десангиз, ташқи савдо учун тўсиқларга боқишингиз мумкин. Мажбурий обуна деярли кўзга кўринмас кичкина зарар бўлса-да, аҳамиятлик эмас деб кўриниши мумкин, лекин шундай нарсаларнинг сони кўп бўлса, албатта, умумий шикасти ҳам катта бўлади.

Ахир «тома-тома кўл бўлур», деб бежизга айтишмайди-ку...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Мажбурий обуна ва GM-Uzbekistan автозаводи машиналарининг қандай ўхшашлиги бор?