12:36 / 09.04.2020
2 376

Эпидемиядан сўнг глобал иқтисодиётда нималар ўзгаради?

Эпидемиядан сўнг глобал иқтисодиётда нималар ўзгаради?
Фото: Reuters
Коронавирус эпидемияси глобал иқтисодиётни чуқур таҳлика остига қўймоқда. Бугун у ҳам тиббий, ҳам иқтисодий нуқтайи назардан энг улкан хавфга айланди. Бу қандай бало эканки, ҳануз назорат остига олиб бўлмаяпти.

Афсуски, хавфли сценарийлар аллақачон ҳақиқатга айланди. Вируснинг дунё мамлакатлари, айниқса, Европа ва АҚШга тарқалиши дастлабки ҳисоб-китоблардан кўра анча юқори бўлган иқтисодий хавфни юзага келтирди.

Таққослаш осон эмас, аммо...
Сovid-19 глобал иқтисодиётда катта ўзгаришларга олиб келиши шубҳасиз. Жаҳон иқтисодиётининг ўрта ва узоқ муддатли истиқболда турли хил кесимларда қандай ўзгаришларга юз тутиши мумкинлиги ҳақида фикр билдиришдан аввал бир неча масалани алоҳида ажратиб кўрсатиш керак.

Таққослаш осон бўлмаса-да, ўтмишдаги улкан бўҳронлардан сўнг глобал иқтисодиётнинг қай тарзда таназзулга юз тутганини кўриб чиқиш тарихий тажриба нуқтайи назаридан ас қотади. Аммо барча назарий билимлар ва тарихий тажрибалар ҳам муайян воқеликни баҳолашда етарли бўлмаслиги мумкин. Шу маънода таҳлилдаги баъзи фикрлар спекулятив характер касб этиши муқаррар.

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг улкан «тарихий қулаш»

Фото: EPA/Vostock-photo
2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида глобал иқтисодиёт «тарихий қулаш» жараёнини бошдан кечирмоқда. Талаб ва таклиф шоклари билан бир қаторда молия бозорларида қўрқинчли тебранишлар мавжуд. Бугунгидай барча номутаносибликлар бир вақтда юзага келган ва тўпланиб қолган ҳолат иккинчи жаҳон урушидан бери кузатилмаган эди.

Мазкур инқирозни 1929 йилдаги ёки бошқа бўҳронлар билан солиштириб бўлмайди. Зотан, глобал иқтисодий фаолиятдаги йўқотишларни қоплаш учун 1,5-2 йил керак бўлиши мумкин. Айни дамда иқтисодиётда рўй бераётган вайронагарчиликка нуқта қўйиш эса ғоят мушкул. Чунки номаълум параметрлар жуда кўп. Иқтисодий тикланишнинг қанчалик тез амалга оширилиши эпидемиянинг иккинчи тўлқинининг қай даража жиддийлигига ва жорий этилган қутқарув пакетларининг нақадар самарали бўлишига боғлиқ. Ҳа, ушбу жараёнда мамлакатлар Сovid-19 инқирозидан имкон дарасида тезроқ чиқиб кетишга ҳаракат қилишлари аниқ. Аммо унутмаслик керакки, ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичлари глобал иқтисодиётнинг умумий йўналишига ҳам боғлиқ, чунки эпидемия глобал характерга эга.

Глобал гегемонлик курашида ким ғолиб бўлади?
Эпидемия, шубҳасиз, АҚШ ва Хитой ўртасидаги глобал гегемонлик курашига таъсир ўтказади. Ушбу мураккаб давр ҳар икки мамлакат учун ҳам жиддий синов даври бўлиши кутилмоқда. Мазкур синов миллий ва глобал миқёсга эга. Айтиш жоизки, икки мамлакатнинг ўз ҳудудида эпидемияга қарши курашдаги натижаси ички сиёсат йўналиши нуқтайи назаридан ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Яъни мамлакат ичкарисида муваффақиятга эришмай туриб, глобал курашнинг асосий фигурасига айланишнинг имкони йўқ.

Айни дамда Хитой ички сиёсат нуқтайи назаридан икки устунликка эга:

Биринчидан, Хитой эпидемияни назорат қилишда сезиларли ютуқларга эришганини, эндиликда мамлакатда касалликка чалинишнинг фақат чет эл билан боғлиқ ҳолатлари қайд этилаётганини айтмоқда.

Иккинчидан, мамлакат маъмуриятининг ажралмас қисми бўлган Хитой Коммунистик партияси ички назоратни сақлаб қолиш осонроқ кечади, деган фикрда. Аммо унутмаслик керакки, ҳар иккита афзалликнинг ҳам ҳеч қандай кафолати йўқ.

Халқаро жамоатчилик Хитой томонидан берилаётган вирус билан боғлиқ маълумотларнинг шаффофлигига шубҳа билан қарамоқда. Агар мутахассислар тахмин қилганидай, келгуси ойларда вируснинг иккинчи тўлқини юзага келса, бу ҳол Хитойга сиёсий ва ижтимоий нуқтайи назардан қай даражада таъсир кўрсатади – номаълум.

Айни дамда соғлиқни сақлаш тизимининг қамрови эпидемия марказига айланган АҚШнинг жиддий муаммосидир. Қолаверса, мамлакатдаги ички сиёсий қутбланиш ҳам эпидемияга қарши курашда концентрацияни бузиб юбормоқда.

Синовнинг иккинчи миқёси – глобалдир. Халқаро ҳамжамият АҚШ ва Хитойни турли жабҳаларда, хусусан, даволаш жараёнини тезлаштиришдан тортиб, вакцина яратилиши, муҳтож мамлакатларга ёрдам бериш «пойга»сидаги иштирокигача яқиндан кузатиб боради.

Айтиш жоизки, етакчилик борасида икки мамлакатнинг ҳам жиддий камчиликлари мавжуд. АҚШ сўнгги йилларда иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган халқаро тизим ва институтларини ўз қўллари билан заифлаштирди. Вашингтоннинг дарди ўзига етиб турибди ҳозир. Табиийки, унинг бундай бир пайтда глобал муаммоларнинг ечими ҳақида бош қотиришга хоҳиш ва имкони йўқ. Ўз навбатида, Хитойнинг дипломатик имкониятлари ҳам етакчилик учун ҳали тўлиқ тайёр эмас.

Ахборот соҳасида шаффофлик етишмаётгани давлатнинг халқаро обрўсига путур етказмоқда. Бундан ташқари, вируснинг инсон психологиясига таъсири туфайли баъзи жамиятларда эпидемиянинг бошланғич нуқтаси бўлмиш Хитойга нисбатан салбий муносабат шаклланиб улгурди. Бундай вазиятда эса глобал майдонда ушбу давлатга осон бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, эпидемиянинг соғлиқни сақлаш соҳаси ва иқтисодиётга кўрсатган таъсирини яхшироқ бошқара олган ва вирусга қарши халқаро курашнинг турли йўналишларида устунроқ бўлган мамлакат глобал гегемонлик курашида юқори кўрсаткичга эга бўлади.

ЕИда ишонч эрозиясининг олдини олиш мумкинми?
Германия таъсири остида бўлган Европа Иттифоқи (ЕИ) институтларининг 2008 йилдаги жаҳон молиявий инқирозидан кейин Греция, Испания ва Италия каби Жанубий Европа мамлакатларига нисбатан тежамкорлик сиёсати олиб борилиши натижасида ЕИ лойиҳасига бўлган ишонч сусайди.

Кўплаб Ғарб мамлакатларининг Европа Иттифоқи институтларидан ҳафсаласи пир бўлди. Натижада Европа Иттифоқига қарши бўлган популист ва миллатчи партияларнинг овоз бериш ставкалари сезиларли даражада ошди.

Агар Европа Иттифоқи институтлари вирус инқирозига қарши келишилган ҳолда ҳаракат қилса, Италия ва Испания каби қийин вазиятларда бўлган давлатларга зарурий ёрдамни кўрсатса, ишонч эрозиясининг олди олиниши мумкин. Аммо бу имконият аллақачон қўлдан чиққандай, назаримизда. Агар бу умидсизликдан тезлик билан халос бўлиш чоралари кўрилмаса, Европа Иттифоқининг пойдеворлари қўпорилиши, Европа нафақат сиёсий, балки иқтисодий ва хавфсизлик нуқтайи назаридан ҳам боши берк кўчага кириб қолиши мумкин.

Халқаро компаниялар инвестиция стратегияларини кўриб чиқади
Эпидемия саноат ишлаб чиқаришида Шарқий Осиёга бўлган ҳаддан ташқари қарамлик глобал таъминот тармоқлари учун жуда жиддий хавф туғдириши мумкинлигини кўрсатди. Бундан кейин, табиийки, халқаро компаниялар ўз инвестиция стратегияларини қайтадан кўриб чиқади.

Халқаро компаниялар ишлаб чиқаришларининг бир қисмини Хитойдан бошқа минтақаларга кўчириши мумкин. Ишлаб чиқариш саноатида инсон капитали юқори даражага ва логистик афзалликларга эга бўлган бошқа ривожланаётган мамлакатлар узоқ келажакда хорижий капитални тўғридан-тўғри жалб қилиш орқали глобал таъминот занжирига боғланиши мумкин.

Бироқ ривожланган Ғарб мамлакатларидаги баъзи трансмиллий компаниялар янги протектционизм ва глобаллашувга қарши курашнинг ифодаси сифатида Америка ва Европадаги фабрикаларни ўз мамлакатларига қолдиришни танлаши мумкин. Кенг кўламли ишлаб чиқариш жараёнини харажат нуқтайи назаридан барқарор қилиш учун фабрика ишчилари ўрнида ақлли роботларнинг қўлланиши аввалги тахминлардан кўра анча тез суръатларда амалга татбиқ қилиниши мумкин.

Протекционизм доираси кенгайиши мумкин
Иқтисодиётда аҳоли салмоғи ортадиган даврга қадам қўймоқдамиз. Бундай даврда мамлакатлар либерал сиёсатдан протекционистик сиёсатга ўтишади. Сўнгги йиллардаги савдо урушлари орқали бу йўлдаги дастлабки одимлар ташланди. Эпидемиядан сўнг бу жараён тезлашиши ва протекционизм доираси кенгайиши мумкин. Ривожланган ва ривожланаётган давлатлар ҳам капитал ва инвестицияларни сақлаш учун турли тартибга солиш механизмларини жорий қилишади. Бироқ Сovid-19 инқирозидан азият чеккан баъзи йирик компанияларни ҳаётда тутиб қолиш учун экспрепарация сиёсатини амалга ошириш мумкин.

Масофадан туриб ишлаш трендда бўлади
Сovid-19 тарқалиши пайтида кўплаб компаниялар масофадан туриб ишлашнинг турли усулларини синаб кўриш имкониятига эга бўлишди. Эпидемиядан кейин масофадан туриб ишлаш, айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида кенг қўлланиши мумкин. Ушбу тажриба йирик компанияларга, айниқса, баъзи бўлимларга ташқаридан кўпроқ хизматларни сотиб олиш учун йўл очиши мумкин.

Ишсизлик, қарзлар ва даромадларни тақсимлаш

Фото: Reuters
Афсуски, иқтисодий фаолликнинг кескин пасайиши натижасида ишсизлик кучаяди. Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг башорат қилишича, энг ёмон сценарий бўйича вирус туфайли дунё бўйлаб ишсизлар сони 25 миллионга ортиши мумкин.

Шунингдек, баъзилар ўз иш жойларини йўқотмасалар ҳам даромад даражаси бир мунча вақт давомида нормалдан паст бўлиши мумкин. Юқори даражадаги ишсизлик ва паст даромад қарз даражасининг ошириши ва даромад тақсимоти ёмонлашишига олиб келиши мумкин. Ўз навбатида даромади паст инсонларнинг тобора ортиб бораётган муаммолари мамлакат ички сиёсатида жиддий бўҳронларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.

Агар марказий партиялар ижтимоий муаммоларнинг ечимини топа олмаса, тобора кучайиб бораётган популистик партиялар сиёсий майдонда ҳукмронлик қилиши мумкин.

Глобаллашувнинг ижтимоий жиҳатлари
Глобаллашув нафақат ишлаб чиқариш ва савдо нуқтайи назаридан, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам тушкунлик чангалида қолиши мумкин. Чет элда дам олишни афзал кўриш ҳажмининг қисқариши, халқаро ярмарка ва конференциялардаги иштирокнинг камайиши, ташқи мухолифатнинг кучайиши каби ҳолатлар туризм соҳасига жиддий зарар етказиши кутилмоқда. Бундай сценарий юзага чиққудек бўлса, мамлакатлар ва одамлар ўртасидаги билим ва тажриба алмашиш жараёни ҳам маълум даражада пасайиши мумкин.

Демографик муаммолар
Вирус, шубҳасиз, қарияларга кўпроқ таъсир қилди. Европанинг кўплаб мамлакатлари ўртача ёш даражаси юқори бўлгани туфайли соғлиқни сақлаш тизимида бошқариш қийин бўлган инқирозлар юзага келганини ўз кўзлари билан кўрдилар. Устига устак, улар бир мунча вақтдан бери ўсиб бораётган ўртача ёшнинг пенсия тизимига ва давлат молиясига салбий таъсир ўтказаётганига гувоҳ бўлиб келишаётган эди.

Табиийки, ушбу тенденцияни тўхтатиш учун баъзи давлатлар фарзанд кўришни рағбатлантирувчи ижтимоий сиёсатни диверсификация қилиши мумкин. Бу Европанинг иқтисодий динамикасини қайтариш учун сўнгги имкониятлардан бири. Бироқ ЕИнинг мавҳум келажаги ва етакчилик муаммоси билан боғлиқ хавфларни ҳисобга олсак, кўҳна қитъа мазкур муаммони ҳал қила оладими, йўқми деган савол ўртага чиқади.

Соғлиқни сақлаш харажатлари
80-йилларга келиб, ҳаётнинг деярли барча соҳаларига таъсир кўрсатган неолиберал сиёсат кўплаб мамлакатларда соғлиқни сақлаш тизимида аҳоли салмоғининг сезиларли даражада камайишига олиб келди. Ривожланган Ғарб мамлакатларида хусусий суғурта компаниялари соғлиқни сақлаш тизимидаги бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилди. Бироқ бу нуқтада ҳам жиддий камчиликлар мавжуд. Масалан, АҚШда 27,5 миллион одам тиббий суғуртага эга эмас.

Барак Обама энг муҳим сайлов ваъдаларидан бирини – соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширганди. Бироқ Доналд Трамп «Obamacare» номи билан танилган мазкур ислоҳотларни самарасиз, деб баҳолади.

Европада соғлиқни сақлаш тизимининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши глобал молиявий инқироздан кейин кучга кирган тежамкорлик сиёсати сабаб буткул сусайди. Натижада баъзи Ғарб мамлакатларининг соғлиқни сақлаш тизими эпидемияга бардош бера олмади.

Эндиликда жамоатчилик томонидан билдирилаётган танқид ва тазйиқларни инобатга оладиган бўлсак, кўплаб мамлакатларда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш масаласи тезда кун тартибига чиқиши аниқ.

Глобал иқлим ўзгариши
Ушбу эпидемия биз эътибордан четда қолдирган бир қанча хавф-хатарларни кўрсатди. У тирик мавжудотларнинг ҳаётига чуқур таъсир қилувчи муаммоларга, хусусан, глобал иқлим ўзгаришига нисбатан сезгирроқ муносабатда бўлишга ундади. Эпидемия охир-оқибат онгли равишда истеъмол қилишни рағбатлантириш, янги авлод технологиялари ёрдамида углерод чиқиндиларини камайтириш, ўрмонлар йўқ қилинишининг олдини олиш ва бошқа кўплаб тартибга солувчи профилактик чораларнинг қатъий ҳаракат тусини олишига сабабчи бўлиши мумкин. Бир ҳовуч мамлакатнинг иқлим ўзгариши бўйича кўрадиган чоралари етарли эмаслиги сабабли миллий ва глобал миқёсда мувофиқлаштирилган стратегия ва сиёсатни амалга ошириш жуда муҳимдир. Халқаро жамоатчилик фикри G20 мамлакатларини иқлим ўзгариши бўйича амалий чоралар кўришга мажбур қилиши мумкин.

Сувга бўлган эҳтиёж
Вируслардан ҳимоя усули сифатида одамлар қўлларини ва уйга олиб келган маҳсулотларни тез-тез ювмоқдалар. Ушбу одат, эҳтимол, эпидемиядан кейин ҳам психологик жараён сифатида давом этиши мумкин. Шундай қилиб, келгуси йилларда дунё бўйлаб сувга бўлган талабнинг сезиларли даражада ошиши эҳтимолдан йироқ эмас. Атроф-муҳит муаммолари туфайли тоза сув манбаларига эришиш қийин бўлган асримизда сувга бўлган талабнинг тобора ортиши айрим мамлакатлар ўртасидаги зиддиятлар чуқурлашишига олиб келиши мумкин.

Иқтисодий пакетларни молиялаштириш
Сovid-19 инқирозининг иқтисодиётга таъсирини минимал даражада ушлаб туриш учун жорий этилган қўллаб-қувватлаш пакетларининг умумий ҳажми 7 триллион долларга етди. Эпидемия назорат остига олиниб, иқтисодий фаолият нормал ҳолатга қайтгунига қадар ушбу иқтисодий пакетларнинг давлат молияларига юкланиши муаммо бўлмайди.

Шу билан бирга, маълум бир вақтдан сўнг, ортиб бораётган бюджет дефицитини молиялаштириш ва давлат қарзини назорат қилиш масалалари муҳокама мавзусига айланади. Давлатлар бюджет тақчиллигини ёпиш учун солиқ тизимида ислоҳотлар ўтказишлари мумкин. Солиқ тушумларини кўпайтириш учун улкан бой сегментлардаги даромад солиғи ёки вирус инқирози пайтида ортиқча даромад келтирадиган секторлардан олинадиган қўшимча солиқлар молия радарига киритилиши мумкин.

Бошқа томондан, 250 трлн доллардан ошган глобал қарз захираси янги қарзлар эвазига кўпайиши ортидан қарзларни бекор қилиш тўғрисида талаблар пайдо бўлади. Солиқ ислоҳотлари мамлакатларнинг ички сиёсатида, қарзни қайтариш режалари эса халқаро миқёсда кескин курашларга олиб келади.

«Макияжли инновация»лардан не наф?
Оламшумул технологик ўзгаришлар ва янгиликларга қарамай, эпидемия оддийдек туюладиган баъзи масалаларда инсоннинг ожиз эканини кўрсатиб қўйди. Бундан ташқари, технологияга йўналтирилган компанияларнинг илмий-тадқиқот ишлари учун қилган сарф-харажатлари ва олган патентлари инсон саломатлиги ва унумдорликни ошириш каби иқтисодий ривожланишнинг асосий таркибий қисмларига қандай ижобий таъсир кўрсатгани тўғрисида энди қатор саволлар туғилмоқда.

Фармацевтика компаниялари томонидан олинган патентларнинг неча фоизи арзон нархларда сотиладиган фойдали дори воситаларига айлангани ҳам сўроқ остида. Глобал фармацевтика компаниялари ижтимоий манфаатларни эмас, ўз бозор улушларини ҳимоя қилиш мотиви билан ҳаракат қилишгани энди ҳеч кимга сир эмас.

Неолиберализм ва глобаллашув билан бирга кечган сўнгги 40 йил бизни шунчалик буздики, нима фойдали, нима фойдасизлигини фарқлай олмай қолдик. Одамлар ўз пулларини, капиталларини, илмий-тадқиқот компаниялари эса инвестицияларини асосан фойда чиқадиган жойга сарф қилмоқдалар. Олам ва одам кўпинча шунчаки намойиш қилиш учун ишлатиладиган «макияжли инновация»лардан кўра кўпроқ ҳақиқий ихтиро-янгиликларга муҳтож. Айниқса, глобал иқлим ўзгариши каби катта муаммоларни ҳал этиш учун биз инновацияларга бўлган қарашларимизни буткул ўзгартиришимиз керак.

Хулоса қилиб айтганда...
Сovid-19 тарқалиш тезлигини пасайтириш учун баъзи Осиё мамлакатларида ақлли мобил иловалар самарали қўлланмоқда. Масалан, Исроил ҳукумати разведка агентлигига шунга ўхшаш мақсадда одамларни мобил телефонлар орқали кузатиб боришга кенгроқ ваколат берди. Туркияда ҳам уй карантинидаги беморлар мобил алоқа операторлари ёрдамида кузатувга олинган.

Эпидемия шароитида шунга ўхшаш дастурларга бўлган эҳтиёжнинг отиши табиий ҳол. Смартфонлар, тақиладиган қурилмалар, тери ости технологиялари ва янги авлод машиналари баъзи мамлакатлар томонидан эпидемиядан кейин ҳам турли мақсадларда кўпроқ қўлланиши мумкин. Бу жараёнда эҳтимолий амалиётлар, айниқса, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари қизғин муҳокама қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, Сovid-19 инқирози глобал иқтисодий тизимга турфа йўллар орқали таъсир қилиши мумкин. Унинг зарба тўлқини турли мамлакатларда турли даражада сезилади. Юқори ижтимоий капиталга эга давлатлар ушбу инқирозни енгишда муваффақиятли бўлишади.

Отабек Тиллаев тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Эпидемиядан сўнг глобал иқтисодиётда нималар ўзгаради?