2025 йил 24–26 сентябрь кунлари пойтахтдаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида аҳоли молиявий саводхонлигини ошириш ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган йирик тадбир – “Банк ва маърифат” форуми бўлиб ўтди.
Форум Марказий банк ташаббуси билан тижорат банклари, нашриётлар, Ноширлар ассоциацияси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилди. Унда молия ва маърифат соҳалари кесишган нуқталарда аҳолининг билимларини оширишга йўналтирилган ташаббуслар муҳокама қилинди.
Форум доирасида банклар ва нашриётлар ўртасида 9 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Хусусан, Халқ банки – Asaxiy Books, Микрокредитбанк – “ИжодНашр”, Саноатқурилишбанк – “Мутолаа” лойиҳаси, Туронбанк – Gutenberg, Алоқабанк – Tingla AI ва Cosmos Books, TBC bank – Asian Book House, Миллий банк – “Академнашр”, InFinBank – “Янги аср авлоди”, Анорбанк – Farengeyt Press билан қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.
Тадбирнинг энг муҳим йўналишларидан бири – маҳалла кутубхоналари лойиҳаси бўлди. Бу ташаббус “Кутубхоначи қиз” Telegram-канали асосчиси Шаҳноза Наврўзованинг Бухоро вилоятида очган илк маҳалла кутубхонаси тажрибасидан илҳомланиб, 2024 йилда Марказий банк ва тижорат банклари томонидан қўллаб-қувватланган.
Ўтган йилнинг май ойида Тошкент шаҳрида 109 та маҳаллада кутубхоналар очилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони бутун мамлакат бўйлаб 116 тага етди. Лойиҳада 17 та тижорат банки иштирок этди. Масалан, Миллий банк – 16 та, Халқ банки – 12 та, Ипак йўли банки – 9 та, Туронбанк – 7 та маҳалла кутубхонаси ташкил қилишда ҳомийлик қилди.
Ҳар бир кутубхонага мингтадан китоб тақдим этилиб, аҳолининг билим олиш ва китобхонлик имкониятлари янада кенгайтирилди.
“Банк ва маърифат” форуми орқали молиявий саводхонлик ва маънавиятни бирлаштириш орқали жамиятда янги қадамлар қўйилди. Молия салоҳияти билан маърифатни уйғунлаштириш – келажак авлод учун мустаҳкам асос яратиши таъкидланди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!