date

ЖСТ бош котиби: “2026 йил Ўзбекистоннинг аъзолигини нишонлаймиз”

ЖСТ бош котиби: “2026 йил Ўзбекистоннинг аъзолигини нишонлаймиз”

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШ ташрифи чоғида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош котиби Нгози-Оконжо Ивеала билан ҳам учрашув ўтказди. Суҳбат асосий мавзуси – Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги ҳаракатлари ва жараённинг қай тарзда кечаётгани ҳақида бўлди.

Учрашувдан сўнг Ивеала жуда ижобий фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва Президент томонидан амалга оширилаётган қўллаб-қувватлаш ишлари жараённи кескин тезлаштирган.

“Ўзбекистоннинг иқтисодиёти йилига деярли 6 фоиз ўсмоқда. Бу кўрсаткич жаҳон миқёсидаги 3 фоизлик ўсиш суръатидан икки баравар юқори. Бу натижалар мамлакатда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг самарасини кўрсатади”, – деди бош котиб.

Унга кўра, музокаралар жуда фаол олиб бориляпти ва жараён деярли якунланиш арафасида. Ноябрь ойида ишчи гуруҳ йиғилиши белгиланган бўлиб, мартга қадар асосий босқичларни тугатиш режалаштирилмоқда. Агар барчаси режага мос кечса, Ўзбекистон 2026 йилда ЖСТнинг тўлиқ аъзоси сифатида расман қабул қилиниши мумкин.

Ивеала шунингдек, Ўзбекистон музокарачилари жамоасига юқори баҳо берди. “Жамоа жуда қаттиқ меҳнат қилмоқда. Президент Мирзиёевнинг етакчилиги ва Саида Мирзиёева хонимнинг қўллаб-қувватлаши жараённи янада кучайтираяпти”, – дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, бош котиб жараённинг осон кечмаётганини ҳам тан олди. Унга кўра, деярли барча икки томонлама музокаралар якунланган бўлса-да, АҚШ билан боғлиқ масалалар ҳали ҳам очиқ қолмоқда. “Бу энг муҳим ва жиддий йўналишлардан бири, лекин ҳаракатлар давом этади. Биз яхши ниятдамиз”, – деди Ивеала.

Шу тариқа, Ўзбекистоннинг кўп йиллик интиқ орзуси бўлган ЖСТга аъзолик масаласи яқин келажакда амалга ошиши мумкинлиги янада аниқ кўриниб турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » ЖСТ бош котиби: “2026 йил Ўзбекистоннинг аъзолигини нишонлаймиз”