23:07 / 04.09.2020
2 655

Кластер туфайли балиқчилик аграр усулдан саноат усулига ўтмоқда

Кластер туфайли балиқчилик аграр усулдан саноат усулига ўтмоқда
Фото: Хасан Пайдо/Халқ сўзи
Катта авлод вакилларининг айтишича, илгари балиқ нархи мол гўштиникидан беш баробар арзон бўлган! Бугун-чи? Бозорда балиқнинг баҳоси қанча? Супермаркетларда-чи? Балиқнинг айрим турлари мол ва қўй гўшти нархига етиб олгани айни ҳақиқат. Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботида келтирилишича, 2020 йилнинг ўтган саккиз ойи давомида гўшт, шу жумладан, парранда гўшти ва балиқ нархи 10 фоиз қимматлашган.

Хўш, балиқ маҳсулотлари аҳоли оғринмасдан харид қиладиган нархга қачон тушади?

Экспертларнинг изоҳлашича, балиқ баҳосига таъсир қилувчи бир неча омиллар мавжуд. Шулардан энг асосийси, гарчи кейинги пайтда балиқ етиштириш ҳажми ортиши кузатилаётган бўлса-да, кўрсаткичлар ҳали мамлакат аҳолиси эҳтиёжига етарли даражага чиққани йўқ. Таклиф кам шароитда талаб ортиши ва нарх юқори бўлиши эса бозор иқтисодиётининг ўзгармас қонуниятидир.

Шу боис балиқчилик тармоғини ривожлантириш иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ташкил этилиб, тармоққа интенсив технологияларни жорий этиш, сув ҳавзаларидан унумли фойдаланиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Мақсад балиқ етиштириш ҳажмини кескин ошириш орқали ушбу шифобахш парҳез маҳсулот баҳосини аҳолининг барча қатлами чўнтаги кўтарадиган даражага келтириш, қайта ишлаш қувватларини қайта тиклашдир.

Маҳсулдорликни қандай ошириш мумкин?
Дарҳақиқат, балиқчиликда маҳсулдорликни ошириш мақсадида хорижий давлатлар тажрибалари ўрганилиб, амалиётга илғор усуллар кенг қўлланилмоқда. Бунда сув билан узлуксиз таъминлаш имкониятига эга бўлган балиқчилик хўжаликлари иш юритишнинг иннова­цион шакли бўлган кластерларга ай­лантирилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Сабаби балиқчилик кластерлари босқичма-босқич маҳсулот етиштиришнинг интенсив усулига ўтказилмоқда.

Тошкент вилоятидаги “ТСТ Fish Cluster” масъулияти чекланган жамияти мамлакатимизда биринчилардан бўлиб иш бошлаган балиқчилик кластерларидан бири ҳисобланади. У Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги тегишли қарори билан Қуйи Чирчиқ туманидаги «Балиқчи» акциядорлик жамияти негизида ташкил этилган.

Айтиш жоизки, янги тузилма олдига замонавий усуллар ва интенсив технологияларни жадал ўзлаштириш, сув ҳавзалари ҳолатини яхшилаш, мавжуд моддий-техника воситаларини тубдан янгилаш эвазига балиқ етиштиришни кўпайтириш, ҳатто экспорт қилиш вазифаси қўйилган эди. Шундай экан, ўтган вақт мобайнида ушбу вазифаларнинг ижроси қандай бўлди?

— Аввало, шуни эътироф этиш керакки, ҳозирги пайтда тармоқни ривожлантириш учун барча шарт-шароит яратиб берилмоқда, — дейди “ТСТ Fish Cluster” МЧЖ раҳбари, сенатор Муртазо Раҳматов. — Бир мисол, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб балиқ етиштириш йиллик қуввати камида 50 тонна бўлган клас­терлар дастлабки уч йил давомида барча солиқ ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилди. Бу маҳсулот етиштириш аграр усулда қолиб кетган балиқчилик тармоғини саноатлаштириш, унга инвестиция ки­ритиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун жуда катта ғамхўрликдир.

Чунки балиқчиликда аграр усулдан саноат усулига ўтишимизни ҳаётнинг ўзи тақозо этяпти. Ҳавзага балиқ чавоқларини ташлаб, табиий ҳолда ривожланишини кутиб ўтирадиган замон ўтиб кетди. Маҳсулдорликни ошириш учун Хитой, Веьтнам, Венгрия, Германия каби давлатларда ўзини оқлаган интенсив усулларни кенг қўллашимиз зарур. Кейинги пайтда юртимизда, асосан, Хитой усули оммалашмоқда. Бу эса ҳавзалар ўртача маҳсулдорлигини 15 — 20 центнердан 65 — 70 центнерга кўтаришга мустаҳкам пойдевор ­яратмоқда.

4-5 йил ичида балиқ генофонди тўлиқ янгиланади
Хўжалик тасарруфидаги умумий ер майдони 3076,8 гектарга тенг бўлиб, шундан товар балиқ ­етиштириш мўлжалланган сув ҳавзалари 1780,2 гектарни ташкил этади. Улар кластер ихтиёрига берилгач, жамоа ишни мавжуд ҳавзалар ва сув йўлларини қайта таъмирлаш, мелиоратив ҳолатини яхшилашдан бошлади. Фақат ушбу йўналиш учун 967,1 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада қисқа вақт ичида ҳавзалар чуқурлиги 1,8-2 метрга етказилиб, ўтхўр балиқлар парваришлаш учун ҳам зарур шарт-­шароитлар яратилди.

“ТСТ Fish Сluster” МЧЖ директори ўринбосари Тимур Алимовнинг айтишича, кластерда товар балиқ етиштириш ва бирламчи қайта ишлашнинг тўлиқ «занжири» яратилган. Айни пайтда бу ерда зоғорабалиқ, дўнгпешона (толстолобик), оқамур каби балиқ турлари парваришланмоқда. Балиқ чавоқлари олиш ва ўстириш учун 36,8 гектарлик ҳавзада она балиқлар парваришланса, 478,8 гектарлик ҳавзада кластер кўлларини балиқлантириш учун чавоқлар ташланади.

— Балиқчилик ривожи кўп жиҳатдан унинг генофондига боғлиқ, — дейди Т. Алимов. — Бироқ Ўзбекистонда 30 йилдан буён балиқ генофонди янгиланмаган эди. Ушбу масалага ўтган йилдан буён давлат миқёсида эътибор қаратила бошланди. Биз ҳам балиқ генофондини янгилаш мақсадида Россия Федерацияси, Беларус Республикасидаги бир қатор балиқчилик хўжаликлари билан музокаралар олиб бориб, яқинда Астрахан областидаги «Рыбопитомник Чаганский» балиқчилик хўжалиги билан келишувга эришдик. Шартномага кўра, 2021 йилнинг май-июнь ойларида барча балиқ турларининг личинкалари етказиб берилади. Бунинг натижасида яқин 4-5 йил ичида кластерда балиқ генофонди тубдан янгиланиб, маҳсулдорлик бир неча баробар ортишига эришилади.

Эл дастурхонига 5340 тонна парҳез маҳсулот
Балиқчилик тармоғининг изчил ривожланиши халқимизни сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, соҳада мулкчилик муносабатларини такомиллаштириш ҳамда табиий сув ҳавзаларидан оқилона фойдаланишда кенг имконият яратмоқда.

Етти хазинанинг бири бўлган балиқчиликни янада ривожлантириш учун мамлакатимизда сув ҳавзалари ресурслари ҳам, ишончли ва ­илмий асосланган лойиҳалар ҳам етарли.

Энг асосийси, улардан янада самарали фойдаланиш чораларини кўриш!

“ТСТ Fish Cluster”нинг салкам 500 кишилик жамоаси жорий йилги мавсумда элимиз дастурхонига 5340 тонна балиқ етказиб беришга аҳд қилган. Бунинг учун мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинаётир. Аммо бу чегара эмас. Ҳавзалар маҳсулдорлиги йил сайин ортиб бориши кутилмоқда. Масалан, келгуси йилда 6000 тонна балиқ етиштириш режалаштирилган.

Табиий савол туғилади: бунга қандай эришилади?
Интенсив технологиялар ана шундай қўшимча имкониятларни тақдим этмоқда.

Гап шундаки, кластерда балиқ етиштириш секин-аста тўлиқ интенсив усулга ўтказилади. Бунда Хитой тажрибасига таянилаётгани амалда ўз самарасини беряпти. Шунинг учун яқинда интенсив усулда зоғорабалиқ етиштириш лойиҳаси доирасида Хитойнинг “E-LINE CO Ltd” компанияси билан шартнома имзоланди.

Айни пайтда мазкур компания томонидан ҳавзалар ёпиқ сув таъминоти қурилмаси билан жиҳозланмоқда. Лойиҳа қиймати 238536 долларга тенг бўлиб, қурилмалар шу йилнинг сентябрь ойида ишга туширилади. Бунинг шарофати билан ҳавзаларнинг ҳар гектарида 60 тоннадан 90 тоннагача товар балиқ овлаш имконияти юзага келади.

Фосфорга бой маҳсулотлар ишлаб чиқарилади
Бугун соҳа корхоналари олдига нафақат балиқ етиштириш ҳажми, балки турларини кўпайтириш, ис­теъмолчиларга танлаш имкониятини яратиш вазифаси қўйилмоқда. Чунки ҳамон балиқ консервалари, форель, осётр, лосось каби қимматбаҳо балиқларга бўлган ички эҳтиёж, асосан, импорт ҳисобига таъминланмоқда.

Шундай экан, “ТСТ Fish Cluster” импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар кўпайтириш мақсадида қандай лойиҳалар устида ишламоқда?
Корхона раҳбарининг айтишича, 2022 йилда якунланиши белгиланган қиймати 55 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа айнан юртимизда кам учрайдиган ноёб балиқ турларини кўпайтиришга қаратилган.

— Форель, осётр, лосось сингари балиқ турлари юртимиздаги табиий сув ҳавзаларида яшолмайди, — дейди М. Раҳматов. — Улар совуқ сув балиқлари ҳисобланиб, яхши ўсиб ривожланиши учун сувнинг ҳарорати ва озуқа таркиби муҳим аҳамиятга эга. Яъни сув ҳарорати 15 — 17 даража бўлиши ва юқори протеинли махсус омихта ем билан озиқлантирилиши талаб қилинади. Шу боис кластерда 10 гектар майдонда ёпиқ сув ҳавзаси бунёд этиш, уни сувни совитиш қурилмалари билан жиҳозлаш ишлари бошлаб юборилди. Махсус балиқ озуқаси ­ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида эса хорижий компаниялар билан ­музокаралар олиб бориляпти.

Келгусида кластер тизимида энг замонавий технологиялар жалб этилиб, балиқ шу ернинг ўзида чуқур қайта ишланади. Жумладан, дудланган балиқ, турли консервалар, фосфорга бойитилган котлет ва паштет, шунингдек, юқори сифатли ­бошқа маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилади. Биргина ушбу лойиҳа доирасида 5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши, 850 та янги иш ўрни очилиши кутилмоқда.

Умуман олганда, “ТСТ Fish Cluster” балиқчилик кластеридаги бу каби лойиҳалар юртимизда балиқчилик саноатида амалга ошири­лаётган улкан ишлардан бир мисол холос. Зеро, ушбу соҳани ривожлантиришга давлат миқёсида жиддий эътибор қаратилмоқда. Балиқчилик кластерлари ва хўжаликлари самарали фаолият юритиши ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, барча шарт-шароит яратиб берилмоқда. Президентимиз томонидан 2020 йил 29 август куни имзоланган «Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор асосида балиқчилик соҳасига навбатдаги имтиёзлар бериляптики, булар, пировардида маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш, унинг таннархи арзонлашишига олиб келади.

Саид РАҲМОН

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Кластер туфайли балиқчилик аграр усулдан саноат усулига ўтмоқда