00:23 / 07.08.2021
4 000

Coca-Cola компаниясининг давлат улуши 252,2 млн долларга Туркия компаниясига сотилди


Давлат активларини бошқариш агентлиги Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd устав капиталидаги 57,118 фоиз улушини Coca Cola İçecek А.Ş. компаниялар гуруҳига сотиш бўйича келишувга эришди.

Қайд этилишича, 2021 йил 6 август куни Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd МЧЖ (компания) устав капиталидаги 57,118 фоиз давлат улушини Coca Cola İçecek А.Ş. (CCI) компаниялар гуруҳига, унга тўлиқлигича қарашли бўлган CCI International Holland B.V. шўъба корхонаси орқали 252,28 миллион АҚШ долларига сотиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.

Битим давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича Давлат комиссияси томонидан маъқулланган. Битимни якунлаш жараёни тартибга солувчи органлар томонидан бериладиган муайян рухсатлар олинишини талаб қилади.

Мазкур битим халқаро амалиётда қабул қилинган ва Ўзбекистон қонунчилиги талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги ПФ–6096-сонли фармонига асосан оммавий ошкора сотув жараёни шаклида ташкил этилди.

Давлат улушининг мазкур сотув жараёни Rothschild & Co агентликнинг молиявий маслаҳатчиси, Dentons эса юридик маслаҳатчиси сифатидаги иштирокида амалга оширилди.

Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd МЧЖ — Ўзбекистонда газланган алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчи энг йирик компания бўлиб, у Тошкент, Наманган ва Урганч шаҳарларида ишлаб чиқариш заводларига, шунингдек, омборхоналар тармоғига эга. 2020 йил якунлари бўйича компаниянинг соф фойдаси 205 миллиард сўмни ташкил этган.

Coca Cola İçecek — алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи турк компанияси бўлиб, унинг тарихи 1964 йилга бориб тақалади. 2002 йилдан ҳозирги номда фаолият кўрсатмоқда. Coca-Cola тузилмасида энг муҳим корхоналардан бири ҳисобланиб, 10 та бозорга маҳсулотларини етказиб беради. Асосий эгалари Anadolu Efes (50,3 фоиз) ва The Coca-Cola Company (20,1 фоиз) ҳисобланади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги битимнинг якунланиши билан кенг оммага (жамоатчиликка) ҳамда оммавий ахборот воситаларига қўшимча ахборот ва баёнот бериши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ўзбекистон ҳукумати Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd ҚКдаги улушини хорижий инвесторга сотмоқчи эканлиги маълум қилинган эди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки битимда воситачи сифатида иштирок этиши керак эди. Бироқ кейинроқ мамлакат ҳукуматининг устувор режалари ўзгаргани сабаб жараён тўхтаб қолган эди. 2020 йилнинг март ойида эса Coca-Cola Ўзбекистонга 31 миллион доллар инвестиция киритишни режалаштираётгани, июнь охирларида эса Coca-Cola компанияси оммавий савдолар асосида хусусийлаштирилиши тўғрисида хабар берилганди. 2020 йилнинг августида эса Coca-Cola’нинг давлат улуши иккинчи маротаба сотувга қўйилганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Coca-Cola компаниясининг давлат улуши 252,2 млн долларга Туркия компаниясига сотилди
ePN