Ўзбекистон халқаро майдондаги савдо алоқаларини тобора кенгайтириб бормоқда. Миллий статистика қўмитаси эълон қилган дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-июль ойлари давомида мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси ҳажми 44,4 миллиард АҚШ долларига етди, деб хабар берди идора.
Бу рақам ўтган йилнинг худди шу даврида қайд этилган кўрсаткичдан 7,4 миллиард долларга кўпдир. Яъни ўсиш даражаси 19,9 фоизни ташкил этгани қайд этилди. Бу ҳолат мамлакат иқтисодиётининг жаҳон бозоридаги иштироки ва барқарор ривожланаётгани учун муҳим кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда.
Экспорт ва импорт кўрсаткичлари
Таъкидланишича, умумий ташқи савдо айланмасининг 20,1 миллиард доллари экспорт ҳиссасига тўғри келган. Бу ўтган йилга нисбатан 34,9 фоиз кўпдир. Импорт ҳажми эса 24,3 миллиард долларни ташкил қилиб, 9,9 фоизга ўсган. Мутлақ кўрсаткичларда экспортнинг сезиларли ошиши мамлакат ишлаб чиқариш қуввати ва маҳсулот турларининг рақобатбардошлиги ортиб бораётганидан далолат бермоқда.
Савдо шериклари ва етакчи мамлакатлар
Айни пайтда Ўзбекистон дунёдаги нақд 197 мамлакат билан савдо муносабатларини йўлга қўйган. Бу эса мамлакатнинг халқаро ҳамкорлик соҳасида кенг қамровли имкониятларга эга эканини кўрсатади.
Ташқи савдо айланмасининг асосий улуши Хитойга тўғри келмоқда — 18,2 фоиз. Россия билан савдо улуши 16,1 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, Қозоғистон (5,9 %), Туркия (3,6 %) ва Корея Республикаси (2,2 %) ҳам Ўзбекистоннинг етакчи ҳамкорлари сифатида қайд этилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг