2025 йил 17 апрел куни Фарғона вилояти Фурқат туманида мактаб директори Гулираъно Қосимова ИИБ ходимлари томонидан ечинтирилиб, таҳқирлангани ва калтаклангани ҳақида Kun.uz нашри хабар берди. Унинг сўзларига кўра, воқеа маҳаллий солиқ инспекцияси ва ички ишлар раҳбарлари ўртасидаги адоват туфайли келиб чиққан.
Маълумотларга кўра, Гулираъно Қосимова эрининг операцияси учун қарз сўраб, таниши — туман солиқ бошлиғига борган пайтда ИИБ ходимлари уйга босқинчидай кириб келган. Улар аёлни ва солиқ бошлиғини ечинтириб, калтаклашган, ҳамда таҳқирловчи видео ёзиб, ундан ёлғон ариза ёзишни талаб қилишган.
Аёл ёлғон айбловни рад этганидан кейин, у ва унинг оиласи турли босимларга дуч келган. Манбаларга кўра, собиқ ИИБ бошлиғи бу ҳолатни “ҳисоб-китоб” мақсадида ташкил этган. Кейинчалик аёл руҳий тушкунликка тушиб, ўз жонига қасд қилишга уринган, аммо омон қолган.
Ҳозирда мазкур иш бўйича собиқ туман ИИБ бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва у лавозимидан озод этилган. Бироқ унинг ўринбосари ва тезкор ходимлар ҳали ҳам ишда эканлиги маълум қилинган. Гулираъно Қосимова уларнинг барчасига нисбатан қонун доирасида қатъий чора кўришни сўраган.
Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, собиқ Фурқат тумани ИИБ бошлиғи ва унинг ўринбосари иши ҳозирда Қува туман судида кўриб чиқилмоқда. Сенат бу ҳолатни парламент назоратига олганини ва Ички ишлар вазирлиги ҳам ишни назорат қилиб бораётганини маълум қилди.
Фарғона вилояти ИИБнинг расмий баёнотида “ҳолат бўйича тергов жараёнлари ҳали якунланмагани, суд ҳукми чиқмасдан туриб асоссиз хулоса чиқармаслик кераклиги” таъкидланган. Тергов натижалари юзасидан холис баёнот берилиши маълум қилинган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!