
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистондаги етакчи рақамли банклардан бири — Uzum Bank халқаро тўлов тизими Visa томонидан бир йўла бешта нуфузли мукофот билан тақдирланди. Ушбу эътироф банкнинг карточка бизнесини жадал ривожлантириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва мижозлар билан самарали алоқа ўрнатиш соҳасидаги юқори натижалари билан боғлиқ.
Visa мутахассислари ҳар йили ҳамкор банклар фаолиятини нақд пулсиз тўловлар улуши, хавфсизлик даражаси ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифати каби муҳим мезонлар асосида баҳолайди. 2025 йил натижаларига кўра, Uzum Bank карталар эмиссиясида мисли кўрилмаган ўсишни қайд этди: бугунги кунда 3,7 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик Uzum томонидан чиқарилган Visa карталаридан фойдаланмоқда.
Банк, шунингдек, рақамли мулоқотлар соҳасида етакчилик, Visa Direct хизмати орқали тезкор пул ўтказмаларини самарали йўлга қўйгани ҳамда хавфсизлик бўйича илғор ечимлар — Visa Token Services ва 3D-аутентификация тизимларини муваффақиятли жорий этгани учун ҳам алоҳида мукофотларга лойиқ кўрилди.
Uzum Bank бошқаруви раиси Светлана Хе таъкидлаганидек, Ўзбекистонда финтех соҳаси барқарор суръатларда ривожланмоқда, рақамли банклар эса молиявий хизматлар бозорида асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланяпти. Унинг сўзларига кўра, рақамли ечимларнинг кенгайиши тўлов инфратузилмасини мустаҳкамлаб, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда.
— Visa ҳамкорларимизга жамоамиз меҳнатини юқори баҳолаганликлари учун миннатдормиз. Биз бугун янада катта ўсиш ва инновациялар учун мустаҳкам пойдевор яратяпмиз, — деди банк раҳбари.
Айни пайтда Uzum Bank мамлакатнинг энг тез ривожланаётган рақамли банкларидан бири сифатида Ўзбекистоннинг замонавий финтех саноатини шакллантиришда муҳим ўрин тутади. Uzum экотизими 20 миллиондан ортиқ фойдаланувчини қамраб олган бўлиб, банкнинг рақамли хизматлари оддий фуқаролардан тортиб тадбиркорларгача бўлган кенг аудиториянинг кундалик молиявий эҳтиёжларини тез, қулай ва ишончли ҳал этиш имконини бераётгани билан ажралиб туради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.