Ягона ижтимоий реестр 1 февралдан ишга тушади

2026 йил 1 февралдан бошлаб мамлакатда аҳолига ижтимоий ёрдамни ҳисобга олиш ва тақсимлашда янги босқич бошланади: эндиликда ягона ижтимоий реестр юритилади. У “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ҳамда Камбағал оилалар реестри негизида шакллантирилади.
Янги тизим “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот платформасида юритилади. Унинг асосий вазифаси — давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этиладиган оилалар ва шахсларни аниқлаш, шунингдек, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини холис баҳолашдан иборат. Шу орқали ёрдамни “кимга керак — ўшанга” тамойили асосида манзилли ташкил этиш, эҳтиёжмандларни баҳолашда эса ягона ёндашувни жорий қилиш кўзда тутилмоқда.
Маълум қилинишича, ушбу ижтимоий реестрда оилалар (шахслар) уч тоифага ажратилади:
- давлат таъминотидаги оила — давлат томонидан белгиланган таъминот асосида қамровга олинган оилалар;
- камбағал оила — ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларига кўра камбағал деб баҳоланган оилалар;
- камбағаллик чегарасидаги оила — камбағалликка яқин бўлган, хавф гуруҳидаги оилалар.
Ягона реестрнинг жорий этилиши ижтимоий ҳимоя тизимидаги маълумотларни бир жойга жамлаш, баҳолаш механизмларини тартибга солиш ва давлат ёрдамини мақсадли равишда тақдим этиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Қисқаси, “маълумот тарқоқ — ёрдам кечикиб келади” деган муаммо энди секин-секин йўқолиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!