Андижонда мактабда ишловчи аёл пичоқлаб ўлдирилди

Андижон вилояти Асака туманида эркак ўз турмуш ўртоғига пичоқ билан жароҳат етказиб, аёлнинг вафотига сабаб бўлгани айтилди. Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилишича, ҳолат 27 январь куни соат 15:30 атрофида содир бўлган.
Қайд этилишича, мактабда ишловчи О.У. бирга ишловчи турмуш ўртоғи О.М. билан оилавий келишмовчиликлар ортидан жанжаллашиб қолган. Шундан сўнг у ёнида олиб келган хўжалик пичоғи билан аёлга бир неча бор тан жароҳати етказган, натижада аёл воқеа жойида вафот этган.
Хабарда айтилишича, ҳодисадан кейин эркак яшаш манзилига қайтиб, ўзига ҳам тан жароҳати етказган. Уни акаси кўриб қолиб, шифохонага олиб борган ва кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида ҳаёти сақлаб қолинган. Мазкур ҳолат юзасидан эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!