Дурдона Ҳакимова жасади ва икки фарзанди Ўзбекистонга олиб келинди

Ўзбекистон фуқароси марҳума Дурдона Ҳакимованинг жасади ва унинг икки нафар фарзанди Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ёрдамида Ватанга олиб келинди. Қайд этилишича, уларни қайтариш билан боғлиқ йўл-йўриқ ва ташкилий харажатлар Бош консулхона ҳамда Миграция агентлиги ҳисобидан қоплаб берилган.
Бош консулхонанинг маълум қилишича, ушбу ҳодиса ортидан ижтимоий тармоқларда марҳуманинг шаъни ва қадр-қимматини ерга урган, салбий ва бирёқлама фикрлар тарқалаяпти. Дипломатлар эса вазиятни тўлиқ англамасдан туриб, инсон ҳақида нохолис хулоса чиқариш ва таҳқирловчи изоҳлар қолдириш қонун олдида жавобгарликка олиб келиши мумкинлигини эслатган.
Ўрганишларга кўра, Дурдона Ҳакимова Истанбулнинг Фотиҳ туманида жойлашган Eskere Melzeme номли ҳарбий кийим-кечак дўконининг асосчиси бўлган. У фаол тадбиркор сифатида кўплаб юртдошларимизга ёрдам кўрсатиб келгани, фарзандлари эса дизайнерликка ихтисослашган лицейда таълим олгани айтилди.
Бош консулхона бундай бирёқлама ва ҳақоратомуз муносабатлар нафақат инсон шаънига, балки миллатимиз обрўсига ҳам соя солишини таъкидлади. Шунинг учун ҳар қандай маълумотни тарқатишдан олдин текшириш, фикр билдиришда эса масъулият билан ёндашиш зарурлиги яна бир бор уқтирилди.