Сиддиқов қамоққа олинди: Ўзбекнефтгазда миллиардлик талон-торож қилиш

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви собиқ раиси Баҳодир Сиддиқов эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди. Kun.uz манбасига кўра, у давлат маблағларини талон-торож қилиш ҳамда бошқа коррупциявий қилмишларда гумон қилинмоқда.
Бугун, 27 январь куни президент раислигида ўтган йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» тизимида кенг кўламли тафтиш ишлари олиб борилаётгани айтилди. Маълум қилинишича, текширув жараёнида миллиардлаб сўмга тенг маблағлар йўқотилгани, йирик ҳажмдаги талон-торожлик ҳолатлари аниқланган.
Йиғилишда ДХХ раисига «Ўзбекнефтгаз» АЖ бўйича масъул бўлган ходимларнинг жавобгарлигини кўриб чиқиш вазифаси қўйилгани ҳам қайд этилди. Яъни масала фақат бир-икки шахс билан чекланиб қолмай, бутун тизимдаги масъулият занжиригача етиб бориши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил декабр ойи ўрталаридан буён энергетика соҳасида кадрлар бўйича ҳам кескин ўзгаришлар кузатилган. Аввал Ўзбекистон президентининг энергетик хавфсизлик бўйича вакили Алишер Султонов, кейин эса «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Баҳодир Сиддиқов лавозимидан озод этилганди.

Маълумот учун, Алишер Султонов 2013–2015 йилларда «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари, 2015–2018 йилларда эса ширкат раиси сифатида ишлаган. 2017 йилдан бош вазир ўринбосари мақомида геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати йўналишларига раҳбарлик қилган. 2019–2022 йилларда энергетика вазири бўлган, кейинроқ президент маслаҳатчиси лавозимига ўтган.
Баҳодир Сиддиқов эса 2019–2020 йилларда ҳам «Ўзбекнефтгаз»ни бошқарган, 2023 йилда мазкур лавозимга қайта тайинланганди. 2025 йил декабрида истеъфога чиққан пайтда «бошқа ишга ўтаётгани» айтилган эди.

Ҳозир эса тафтиш натижалари ва тергов ҳаракатлари фонида ушбу иш нафақат соҳа, балки жамоатчилик учун ҳам диққат марказида қолиши табиий. Чунки гап оддий рақамларда эмас — давлат маблағи, ишонч ва жавобгарлик ҳақида кетяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!