date

Тошкентга кириш тақиқланмади: янги транспорт модели жорий этилади

Тошкентга кириш тақиқланмади: янги транспорт модели жорий этилади

Тошкент шаҳар ҳокимияти пойтахтга вилоят ҳайдовчилари кириши чеклангани ҳақида айрим интернет манбаларида тарқалган хабарларга расмий муносабат билдирди. Расмийлар бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаб, гап тақиқлар ҳақида эмас, балки шаҳар кириш инфратузилмасини замонавийлаштириш режалари ҳақида кетаётганини маълум қилди.

Маълум қилинишича, айрим кириш пунктлари пойтахт маъмурий ҳудудидан ташқарига кўчирилиши режалаштирилган. Уларнинг ўрнида замонавий автотураргоҳлар, дам олиш масканлари ва жамоат транспортига қулай уланиш нуқталари ташкил этилади. Шу билан бирга, ҳайдовчилар учун танлов эркинлиги сақланиб қолади: истаганлар шахсий автомобилида шаҳарга кириши мумкин, хоҳловчилар эса машинани киришда қолдириб, жамоат транспорти орқали ҳаракатни давом эттиради.

Бу ёндашув дунё амалиётида кенг қўлланиладиган Park & Ride моделига асосланган. Ушбу тизим орқали шаҳар марказига кирувчи транспорт оқими камайиб, тирбандликлар қисқаради. Шунингдек, ҳаво ифлосланиши даражаси пасаяди, шаҳар экологияси яхшиланади ва ҳаракат хавфсизлиги ошади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Park & Ride модели ҳайдовчиларни марказий ҳудудларда автотураргоҳ қидириш ташвишидан ҳам халос қилади. Бу эса вақт тежалиши ва ҳаракат маданиятининг яхшиланишига хизмат қилади.

Шаҳар ҳокимияти пойтахтда транспорт тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, жамоат транспорти улушини ошириш ва Тошкентни янада қулай ҳамда яшаш учун мақбул мегаполисга айлантириш асосий мақсад эканини қайд этди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Тошкентга кириш тақиқланмади: янги транспорт модели жорий этилади