Аҳолини рўйхатга олишда мажбурий ишга жалб этиш фош этилди

Ўзбекистонда айрим маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ходимларни аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига иш вақтидан ташқари мажбуран жалб қилиш ҳолатлари аниқланди. Меҳнат инспекцияси маълум қилишича, бундай ишлар айрим жойларда «мажбурий топшириқ» деб номланиб, амалга оширилган.
Ўтказилган текширувлар якунига кўра, Бухоро шаҳри ҳамда Олтинкўл, Асака ва Марҳамат туманлари ҳокимликларига расмий равишда огоҳлантириш хатлари юборилган. Шунингдек, Андижон вилояти ҳокимлигига аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича тақдимнома киритилган.
Меҳнат инспекцияси таъкидлаганидек, ходимни унинг розилигисиз, турли босимлар ёки хизмат топшириқлари асосида иш вақтидан ташқари меҳнатга жалб қилиш мажбурий меҳнат ҳисобланади ва амалдаги қонун талабларига зиддир. Айниқса, бундай ҳолатларнинг давлат органлари томонидан содир этилаётгани жиддий ташвиш уйғотмоқда.
Инспекция эслатишича, иш вақтидан ташқари ишлар фақат ходимнинг ихтиёрий розилиги асосида амалга оширилиши мумкин. Бунда Меҳнат кодексининг 262-моддасига мувофиқ тегишли ҳақ тўланиши шарт. Қонунга кўра, дастлабки икки соат учун камида 1,5 баравар, ундан ортиқ соатлар учун эса камида 2 баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланиши белгиланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!