23:12 / 26.08.2017
6 055

Махсус интервью: Россиядаги ўзбек мигрантлари, тил билмаслик, ўз-ўзини талаш, тўловлар...

Махсус интервью: Россиядаги ўзбек мигрантлари, тил билмаслик, ўз-ўзини талаш, тўловлар...
Маълумки, айни кунларда мигрантлар масаласи нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда долзарб аҳамият касб этган. Шу нуқтаи назардан фуқароларда келиб чиқаётган саволлар ҳам талайгина. Мисол учун мигрантларга юридик хизмат кўрсатиш қай даражада? KUN.UZ таҳририяти Москва шаҳрида “ЛексМобайл” юридик фирмасига асос солиб, меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келаётган Ботиржон Шерматов билан суҳбат уюштирди. Суҳбат давомида мигрантларга юридик хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммо ва ечимлар ҳақида сўз юритилди. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, 2015 йили “ЛексМобайл” юридик фирмаси томонидан “МИГРАНТ” лойиҳаси йўлга қўйилган.

Ҳозирги миграция жараёни
Албатта, миграция мавзуси мақтанадиган нарса эмас. Бу катта ижтимоий муаммо. Лекин бугунги кунда ҳаммада ҳар хил ривожланиш бўлмоқда. Барчанинг ўзига яраша сабаблари бор. Ҳеч ким бекордан бекорга ватанини ташлаб чиқиб кетмайди. Мигрантларнинг муаммосини учга бўлган бўлардим. Биринчиси – қабул қилаётган давлатдаги қонунчилик билан боғлиқ муаммолар. Иккинчиси – мигрантларнинг боришга тайёр эмаслигига алоқадор. Учинчиси эса – давлат ташкилотларининг етарли даражада ишламаслиги билан боғлиқ муаммолар.

Албатта, буларни ҳал қилишга ҳаракат қилса бўлади. Хурсанд қиладиган жиҳати, сўнгги вақтларда бу муаммолар очиқ-ойдин гапирилмоқда. Давлатимиз томонидан мигрантларга нисбатан муносабат анча ўзгарди. Президентимиз жорий йилнинг апрель ойида Москва шаҳрига борганларидан сўнг, Россия ва Ўзбекистон ўртасида ишга ташкилий жалб қилиб тўғрисида шартнома имзоланди. Бу бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда.

Россия ҳақида
Россияда қонун қабул қилинган пайтда, уни қабул қилганлар қанча мигрант борлигини ҳисобга олишмайди. Ваҳоланки, у ерда 10 миллиондан ортиқ мигрант бор. Ҳозир Россияда Ўзбекистоннинг 1 миллион 700 мингдан ошиқ фуқароси бор, деб расмий айтилаяпти. Меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар эса ҳали етарли эмас. Чунки у ердаги одамларнинг сони жуда кўп. Албатта, Ўзбекистондан ҳозир ишчиларни олиб бориш бўйича ташкилий ишлар бошланди. Бироқ у ерда бизнинг ҳужжати қўлида бўлган, аммо иш билан таъминланмаган фуқаролар ҳам бор. Шунга эътибор беришга интилиш керак. Ҳар куни миграция марказларидан минглаб инсонлар ўша рухсат берувчи ҳужжат билан чиқади, лекин яхши ишлар йўқ. Қаерга бориб, кимнинг қўлига тушиши номаълум. Шу сабабдан бу ерда ишлаб юрган, ҳужжати тайёр фуқароларимизни иш билан таъминлаш бўйича шуғулланишса ҳам яхши бўларди. Бундан ташқари, элчихонамизнинг консуллик бўлими билан боғлиқ бир қанча муаммолар бор. Масалан, элчихонанинг сайтидаги маълумотларнинг етарли эмаслиги, баъзи бир муаммоли мавзулар юзасидан вақтида, тезкорлик билан хабар берилмаслиги шулар жумласидан. Эски паспортлар билан боғлиқ масалада ҳам кўплаб саволлар келиб тушганди.

Мигрант муаммолари
Бундай муаммолар турлича бўлиши мумкин. Масалан, тақиқлар, ҳужжатлар билан боғлиқ масалалар бор. Ҳар бир ҳужжатнинг ишлаб чиқиш жараёни ёки амалиётда бўлишида муаммолар кўп – патент, тўлов ва ҳоказо. Патент тўловида унинг тўлов муддати олдиндан тўланган аванс, солиқ билан белгиланади. Неча ойга олдиндан тўласангиз, шу вақтга патент муддати ҳам ҳисобланади. Лекин, бир кун кечикиб тўласангиз ҳам патент муддати тугаган саналади. Албатта, буни тўлаш ҳар қандай одамнинг ёдидан кўтарилиши мумкин. Бир кун ўтиб қолса ҳам патент муддати тугаган, сиз четга чиқиб, қайта келиб, бошқатдан ҳужжатларни тайёрлашингизга тўғри келади. Бунинг муддати бир-икки кун ўтган бўлса, шунинг устига жарима тўлаб қилса бўлади. Бундай нарсалар кўзда тутилмаган. Бу ҳам муаммолардан бири.

Ҳуқуқшунос Россияга киришга қўйилган тақиқ ва уни олиб ташлаш йўллари ҳақида ҳам тўхталиб ўтганди.

Салбий муносабат ҳақида
Мен Россия пойтахти Москва шаҳрида 12 йилдан бери яшамоқдаман. Умуман олганда, мигрантларимизнинг асосий қисми ўртача, яхши, ҳалол меҳнат қилиб келаяпти. Бу - салбий муносабат - охирги пайтларда ҳам Россия, ҳам ўзимизникилар томонидан қилинган ташвиқот натижаси, деб ўйлайман. Охирги йилларда кўрдикки, қандайдир клип, кино олинса, миграцияни ёмонлаб, салбий маънода тасвирлаш кўзга ташланди. Лекин ҳаётнинг ўзи бу нарсаларнинг нотўғрилигини кўрсатиб турибди-ку. Агарда, шундай хорлик-зорлик, ўша кадрларда кўрсатилган манзара бўлса, нега унда 1 млн 700 минг фуқаромиз қайтиб келмаяпти? Демак, у ерда бўрттириб кўрсатилган ҳаёт эмас. Ҳаёт ҳаммада ҳар хил. Кимдир яхши жойда, кимдир сал бундайроқ ерда ишлаяпти. Мен бир гапни бошқачароқ айтаман: “Мигрантнинг ўзи ёмон, юборган пули яхши”. Мигрантнинг уйидан чиқиб, Россияга кетиши ва уйга қайтиб келгунча йўлда ҳам ундан жуда кўп одамлар фойдаланади, унинг пулини олади, керак бўлса алдайди, талайди. Лекин, мигрант эсон-омон келмоқда, ота-онасига пул жўнаяпти, ишлаяпти. Шунинг учун бу нарсани тўхтатиш керак. Ҳамма ҳар хил сабаб, эҳтиёж туфайли бориб ишлаяпти.

Ўзбек мигрантлари
Бир аянчли ҳолат бор. Балки мен адашаётгандирман, бироқ бошқа халқларга нисбатан бизникиларда ўзимизникиларни алдаш кўп. Кўп қулоққа чалинаётган паспортни олиб қўйиш ҳолатларини унча кўп, деб бўлмайди. Аслида четга чиқаётган одам шунга тайёрми, деган саволга жавоб бериш керак. 17 ёшдаги болаларни кўрамиз. Рус тилини билмайди. Биринчи масала - унинг маҳаллий аҳоли тилини билмаслиги билан боғлиқ. Иккинчиси, касби борми ўзи бу болани, деган савол келиб чиқади. Жуда кўп борган болалар ёлланма ишчи бўлиб ишлайди, қўлида ҳали ҳеч қандай касби йўқ, бунинг устига тилни билмайди. Нима бўлмоқда? Улар қандайдир танишининг олдига боради, у ердаги бригадаларнинг бир раҳбари бўлади. Қурилиш фирмасининг раҳбари ўша одам билан гаплашади. Улар билан гаплашмайди, чунки тилни билмайди. Албатта, у пулни ҳам ўша одамга беради. Кўп муаммолар шунинг орқасидан келиб чиқади. Агар кетаётган мигрант тилни билса, ўзининг касби бўлса, бемалол ўзи бориб, иш топади ва тўғридан тўғри шартнома тузади. Ҳозирда биздан Россияга, асосан, чекка-чекка қишлоқлардан боришмоқда. У одамларимиз ҳаттоки ўзимизни шаҳарларимизда ҳам бўлмаган.

Россия ишламоқчи бўлганларга маслаҳат
Биринчи навбатда, боришдан аввал шу ердан туриб иш топиш керак. У ерда ҳужжат тайёрлашга ҳам бир ойга яқин вақт кетади. Бу жараёнда қаерга, кимнинг олдига ва нима сабабдан келганини билмаган одамда муаммо келиб чиқаверади. Тилни билса, жуда яхши бўлади. Рус тилини оддий даражада ҳам билса, кундалик ҳаётда учрайдиган ҳолатлар билан боғлиқ муаммолар ҳал бўлади. Бундан ташқари, Россия чегарасидан ўтаётган пайтда миграция варақаси, деган ҳужжат бор. Уни тўлдириш лозим. Иложи бўлса, Ўзбекистондан чиқишдан аввал паспортларни нотариал таржима қилиб олишса яхши бўлади. Сабаби у ердаги маҳаллий аҳоли учун бизнинг исм-шарифлар сал мураккаброқ. Чегарачилар миграция варақасини тўлдириш чоғида шу туфайли кўп хатога йўл қўйишади. Ваҳоланки, бир ҳарфда ҳам хато бўлса, эртага шу нарса ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммога олиб келади. Улар тўлдириб “имзо қўйинг” деб сизнинг олдингизга қўяди, бизникилар эса хатоларини текширмасдан ҳам имзо қўйиб қўяди. Шунингдек, ишламоқчи бўлган одам миграция варақасида "келиш мақсади" деган жойга “работа” деб ёзиши керак.


Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Махсус интервью: Россиядаги ўзбек мигрантлари, тил билмаслик, ўз-ўзини талаш, тўловлар...