23:46 / 02.01.2021
7 335

Тиббиёт психологияси тарихи: Психосоматик тиббиёт тарихи ҳақида маълумот

Тиббиёт психологияси тарихи: Психосоматик тиббиёт тарихи ҳақида маълумот
Ушбу маълумотлар профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг «Тиббиёт психологияси» дарслигидан олинди ва zamin.uz да илк бор чоп этилмоқда.

Тиббиёт психологияси, том маънода ол ганда, бемор психологиясини ўрганувчи фандир. Қадимги давр адабиётига назар ташлайдиган бўлсак, тиббиёт, фалсафа ва психология фанлари чамбарчас боғланиб кетганлигининг гувоҳи бўламиз. Милоддан илгари яшаб ўтган деярли барча файласуфлар тиббиёт ва психологияга оид ўз фикрларини ёзиб қолдиришган, чунки улар руҳий кучлар манбаини инсон мияси билан боғлашган.

ХХ аср бошида соматик клиникаларда психологик ёрдамнинг йўлга қўйилиши Европа ва АҚШ да психосоматик тиббиёт ривожланишига катта туртки бўлди. 1818 йили Германиялик врач Йоганн-Христиан Хайнрот (1773–1843) биринчи бўлиб “психосоматика” иборасини қўллайди. 1939 йили АҚШ да “Психосоматик тиббиёт” номли журнал таъсис этилади. Бироқ ўша йиллари бошланган Иккинчи жаҳон уруши бу йўналишни анча тўхтатиб қўяди.

1950 йили АҚШда “Америка психосоматик тиббиёт жамияти” тузилади. Бу жамиятга нафақат психиатр ва психологлар, балки психосоматик тиббиётга қизиқиш билдирган турли соҳа врачлари ҳам аъзо бўлишади. Ушбу жамиятда клиник-тиббий психология, психосоматик тиббиёт ва психотерапевтик ёрдам билан боғлиқ барча таянч иборалар, атамалар ва бошқа муаммолар ечими ҳамкорликда муҳокама қилинади. Бу борада ривожланиш жуда яхши давом этади. Ўша пайтда, яъни 1950 йили америкалик психоаналитик Франц Александернинг (1891–1964) “Психосоматик тиббиёт” номли китоби нашр этилади. Бу китоб ҳам кўп тилларга таржима қилинади.

Албатта, Европа ҳам психосоматик тиббиёт борасида жадал ишларни бошлаб юборади. 1950 йили Германиянинг Хайделберг шаҳрида Александр Мичерлих (1908–1982) Европада биринчи бўлиб «Психосоматик тиббиёт» клиникасини очади. 1954 йили Хамбургда «Психосоматик тиббиёт ва психоанализ» журналининг биринчи сони нашрдан чиқади.

1950–1960 йиллар ичида Европанинг деярли барча давлатларида бир нечтадан “Психосоматик тиббиёт ва психотерапия” клиникалари ташкил қилинади. Албатта, бундай марказларнинг асосий ходимлари тиббий ёки клиник психологлар бўлишса-да, у ерда тиббиётнинг бошқа йўналишидаги врач-мутахассислар ҳам фаолият кўрсатишган.

Тиббиёт психологиясининг яқин тарихда тутган ўрни ва асосий даврлар
Таъбир жоиз бўлса, 1960 йилдан ҳозиргача бўлган тарихий даврларни психологик нуқтаи назардан 3 босқичга бўлиб ўрганиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биринчи давр – 1960-1990 йиллар. Тинч ва сокин ҳаёт даври. Иккинчи жаҳон урушидан кейин йирик давлатларда ижтимоий ҳаётга урғу берилди. Бу давр ичида нафақат ривожланган, балки ривожланаётган давлатларда тиббиёт ва клиник психология, психосоматик тиббиёт ва психотерапия янада ривожланди. Барча университетларда тиббиёт психологияси ва психотерапия кафедралари, клиник психология факультетлари ташкил этилди. Энг асосийси, тиббий ва клиник психологларнинг амалиётдаги фаолияти сезиларли даражада ошди. Клиник психология ва тиббиёт психологиясининг ўзи бир неча тармоқларга бўлиниб, турли хил жамиятлар, яъни психосоматик тиббиёт, нейропсихологлар, психотерапевтлар, сомнологлар, психоаналитиклар, суицидологлар, социал психологлар, патопсихологлар, гипнотерапевтлар жамиятлари кўпайди.

Иккинчи давр – бу 1991–2000 йиллар. Ижтимоий тузум қулаб, янги давлатлар пайдо бўлиши даври. Инсоният қонига сингиб кетган ижтимоий тузум қулади, жамият ва унинг қонунларига қарашлар ўзгарди, миллатлараро ва динлараро низолар пайдо бўлди. Европа ва МДҲ давлатларини қамраб олган бундай инқилобий ўзгаришлар кучли ижтимоий-психологик муаммоларни келтириб чиқарди, давлатлар ичида кичик-кичик келишмовчиликлар юзага келди, стресс касалликлари авж олди ва ўз жонига суиқасд қилиш кўпайди. Янги пайдо бўлган давлатлар ва ижтимоий муҳит кўп муаммоларга янги психологик ёндашув услубларини ишлаб чиқишни тақозо этди.

Учинчи давр – 2001–2018 йиллар. Ижтимоий бўхронлар ва террористик хавф-хатар даври. Шарқ давлатларида юзага келган ижтимоий портлашлар, терроризм, халқлар орасида миграциянинг кучайиши, локал ва йирик ҳудудларни қамраб олган ҳарбий низолар психологлар олдига катта вазифаларни қўйди. Айниқса, халқларнинг бир ижтимоий тузумдан иккинчи ижтимоий тузумга миграцияси мигрантларга ҳам, маҳаллий аҳоли вакилларига ҳам катта ижтимоий-психологик қийинчиликларни келтириб чиқарди, турли диний конфессиялар ассимиляцияси билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди, ўз жонига қасд қилишлар янада кўпайди. Буларнинг ҳаммаси турли соҳа психологлари олдига муҳим вазифаларни кўндаланг қўйди. Европа шаҳарларида психотерапевтик клиникалардан ташкари, тез тиббий-психологик ёрдам ва стресс марказлари сони кескин кўпайди.

Эслатма: Zamin.uz да яна ўқинг: “Тиббиёт психологиясими ёки клиник психология”. Проф. Зарифбой Ибодуллаевнинг ушбу мақоласида тиббиёт психологияси ва клиник психология фанларининг ўхшаш ва фарқ қилувчи томонлари ҳақида аниқ маълумотлар берилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тиббиёт психологияси тарихи: Психосоматик тиббиёт тарихи ҳақида маълумот