Сўнгги йилларда самолёт парвозлари давомида кузатилаётган турбулентлик — ҳаво оқимларидаги кескин тебранишлар — нафақат кўпаймоқда, балки кучаймоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳолат иқлим ўзгариши билан бевосита боғлиқ бўлиб, глобал ҳароратнинг ортиши атмосферадаги шамоллар ва ҳаво ҳаракатларига сезиларли таъсир кўрсатмоқда.
Атмосферадаги турбулентлик уч хил асосий манбага эга: конвектив (булут ва момақалдироқлар), орографик (тоғли ҳудудлардаги ҳаво оқимлари) ва “очиқ ҳаводаги” турбулентлик (тез ҳаракатланувчи юқори қатламдаги шамоллар билан боғлиқ). Айнан сўнггиси — очиқ ҳаводаги турбулентлик — энг хавфли ҳисобланади, чунки у кўзга кўринмайди ва олдиндан сезилиши қийин.
Англияда жойлашган Реадинг университети профессори Пол Уилямс прогнозларига кўра, келгуси ўн йилликларда кучли турбулентликлар сони икки ёки уч баробар кўпаяди. Бу айниқса, Атлантика океани устидаги йўналишлар, Осиё ва Шимолий Американинг баъзи ҳудудларида яққол сезилади.
Расмий статистикага кўра, АҚШда 2009-йилдан бери 200 дан ортиқ жиддий жароҳатланиш ҳолати қайд этилган, улардан кўпи экипаж аъзоларига тўғри келади. 2023-йилда эса глобал миқёсда жиддий йўловчи жароҳатининг қарийб 40 фоизи турбулентлик билан боғлиқ бўлган.
Шу билан бирга, мутахассислар парвоз хавфсизлигига таҳдид унча катта эмаслигини таъкидламоқда. Самолёт қанотлари юқори даражадаги эгилувчанликка эга бўлиб, ҳатто кучли тебранишларга бардош бера олади. Шунга қарамай, парвоз давомида хавфсизлик камарини тақиб ўтириш тавсия этилади.
Замонавий технологиялар ва сунъий интеллект ёрдамида турбулентликни олдиндан прогноз қилиш сезиларли даражада яхшиланган. Турли авиакомпаниялар парвоздан олдин турбулент ҳудудларни ҳисобга олган ҳолда маршрут тузмоқда. Баъзилари эса профилактик чоралар кўрмоқда — масалан, АҚШдаги Southwest Airlines салонда хизмат кўрсатишни баландроқ қатламда якунлашни бошлаган, бу эса жароҳатланиш эҳтимолини камайтиради.
Бундан ташқари, янги технологиялар — масалан, АИ асосидаги реал вақтда қанот ҳаракатларини бошқарувчи тизимлар ёки Turbulence Solutions компаниясининг енгил самолётлар учун ишлаб чиққан “турбулентликни бостириш” тизими — яқин йилларда кенгроқ қўлланилиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!