Самарқанд туманидаги “Жўйисой” маҳалласи яқин кунларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ноодатий қурилиш билан яна диққат марказида турибди. Бу ерда истиқомат қилувчи фуқаро Ф.Халилов ўз уйининг муайян қисмини бузиб, унинг ўрнига кўп қаватли меҳмонхона қуришга киришган. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур қурилиш бирор-бир шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан амалга оширилган, деб хабар берди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги.
Вазирликнинг маълумот беришича, ҳеч қандай шаҳарсозлик рухсатномалари мавжуд бўлмаганига қарамай, Ф.Халилов томонидан қурилиш ишлари бир неча марта огоҳлантирилган ҳолда давом эттирилган. Расмий манбалар бу иншоот “қўзиқорин уй” деб номланиб, ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб баҳсларга сабаб бўлди.
Қурилиш жараёнида қатор қоидабузарликлар ва техник камчиликлар аниқланган:
-
Самарқанд тумани ҳокимлигидан ва туман қурилиш бўлимидан ҳеч қандай расмий қарор ёки рухсатнома олинмаган;
-
Архитектура режалаштириш топшириғи – АПЗ ҳужжати йўқ;
-
Муҳандислик-геология, лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ва тўғри расмийлаштирилмаган, шунингдек, тасдиқланмаган;
-
Шаҳарсозлик кенгаши томонидан ҳеч қандай кўриб чиқиш амалга оширилмаган;
-
Меҳмонхона объектининг бош режаси натурага кўчириш далолатномаси тайёрланмаган (ШНҚ 3.01.01-03нинг 2.4 банди бажарилмаган);
-
Қурилиш материалларининг сифати ва стандартларга мослигини тасдиқловчи паспорт ҳамда сертификатлар тақдим этилмаган;
-
ШНҚ 3.01.01-03нинг 7.8 ва 9.9 бандларига кўра ёпиқ ишларни гувоҳлаш далолатномалари йўқ;
-
Мутахассислар томонидан қурилган иншоот сейсмик жиҳатдан хавфли, талабларга жавоб бермаслиги ҳам аниқланган.
Шу билан бирга, юқоридаги камчиликлар мавжуд бўлишига қарамай, қурилишга рухсат берувчи бошланғич шаҳарсозлик ҳужжатлари ҳам ҳалигача расмийлаштирилмаган. Шу шароитда “Констант Проект” МЧЖ томонидан лойиҳа ҳужжатлари тўлиқ тайёрланмаган. “Триумф Проект” МЧЖ хусусий экспертиза ташкилоти эса ҳужжатлар етилмаган ва рухсатсиз бўлса-да, иншоотга хулоса берган.
Қўшимча равишда, “Ўзоғирсаноатлойиҳа” институти АЖ ва ҳудудий инспекция ходимлари 2022 йил 6 майда бинонинг сейсмик ҳолатини текшириб, расмий хулосада иншоот ҚМҚ ва ШНҚ талабларига умуман жавоб бермаслиги, айрим колонналарда дарзлар, яъни ёриқлар пайдо бўлгани, шу боис бинони бузиш зарурлиги қайд этилган.
Ижтимоий тармоқларда “қўзиқорин уй” сифатида танилган ушбу меҳмонхона биноси бўйича Республика комиссияси ҳам ўз фикрини билдирган. 2022 йил 6 июлда эса фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро суди Ф.Халиловга Жўйисойда қурилган, ҳеч қандай рухсатсиз ва ўзбошимчалик билан барпо этилган 12 қаватли иншоотни ўз маблағи эвазига бузиш ҳақида қарор чиқарган ва ижрога йўллаган.
Мазкур воқеа кўпчиликни бефарқ қолдирмади. Фуқаролар, мутахассислар ва жамоатчилик ноқонуний қурилишлар бўйича расмий органлар позициясини қизиқиш билан кузатмоқда. Бу эса ҳокимият ва назорат идораларининг қурилиш соҳасида масъулиятини яна бир бор кун тартибига олиб чиқмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!