Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан кооперациялар фаолиятини тартибга солувчи миллий қонунчилик ҳамда хорижий мамлакатлар тажрибаси таҳлил қилинди.
Маълумот учун: Кооперация - бу қонуний умум ижтимоий ёки иқтисодий мақсадга эришиш учун ихтиёрий равишда бирлашган, талаб қилинадиган капиталга тенг улушларни қўшган ва таваккалчилик ва фойдаларнинг адолатли улушини қабул қилган, умумий қабул қилинган кооперация тамойилларига мувофиқ иш олиб борувчи шахсларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган бирлашмаси.
Бугунги кунда дунё давлатларида кооперацияларга ижтимоий-иқтисодий ривожланиш омили сифатида қаралади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, кооперацияларнинг иқтисодиётга ижобий таъсири қуйидагилар билан баҳоланади:
Биринчидан, ишлаб чиқариш, маркетинг, коммунал хизматлар, транспорт, кредит, суғурта, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда тадбиркорларнинг меҳнат унумдорлигини оширади;
Иккинчидан, муайян турдаги маҳсулотни ишлаб чиқаришдан то тайёр маҳсулот кўринишига келгунга қадар бўлган босқич бир кооперация атрофида бирлашганлиги натижасида чакана нархларни пасайтиради;
Учинчидан, тадбиркорларнинг ўзаро бирлашиши ишлаб чиқаришга янги технологияларни жалб қилиш, инновацион услубларни қўллаш, товарларни халқаро бозорга олиб чиқиш имконини яратади;
Тўртинчидан, кичик ва ўрта бизнес вакилларининг кооперацияларга бирлашиб, йирик тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро рақобат муҳитига киришиши монополияни олдини олади, бозор рақобатбардошлигини оширади;
Бешинчидан, қўшимча иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлигини таъминлайди.
Ижтимоий жиҳатдан кооперациялар кам таъминланган, ишсиз фуқароларни қўллаб-қувватлаш вазифасини бажаради.
Шу сабабли кооперациялар фаолияти хорижий давлатларда анча кенг ривожланган. Жумладан, Халқаро Кооперация Иттифоқи (International
Co-operative Alliance) маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 1 млрд ортиқ одам кооперацияларга аъзодирлар. Аъзоларининг энг кўп сони – 305,6 млн аъзоларга ва 30,000 га яқин кооперацияларга эга АҚШга тўғри келади. Канадада ҳар учинчи фуқаро кооперация аъзоси ҳисобланади.
Францияда кооперациялар фуқароларни 700 минг иш ўрни билан таъминлайди. Японияда фермерларнинг 91%и кооперациялар асосида ташкил этилган. Кувайтда чакана савдонинг 80%и истеъмол кооперациялари томонидан амалга оширилади.
Дунёдаги энг йирик кооперация корхоналарнинг жами даромади 1.6 трлн АҚШ долларини ташкил қилади. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра, молиявий кооперациялар 857 млн кишига (дунё аҳолисининг 13 %и) хизмат қилади, қишлоқ хўжалиги кооперациялари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 50 %ини ишлаб чиқаради.
Бироқ, мамлакатимиз иқтисодиётида кооперацияларнинг ўрни деярли сезилмайди. Бугунги кунда республикамизда ўртача 1500 га яқин кооперациялар фаолият юритмоқда. Мазкур кўрсаткични хорижий давлатлар билан қиёслаганда салбий баҳолаш мумкин.
Таққослаш учун: Италияда – 39 600, Туркияда – 33 857, Францияда – 22 517, Испанияда – 20 050 та кооперациялар фаолият юритади. Кооперацияларнинг йиллик пул айланмаси Францияда – 307 млрд., Германия – 195 млрд., Италияда – 150 млрд. ва Голланддияда – 81 млрд. еврога тенг.
Ўрганиш натижаларига кўра, республикамизда кооперациялар фаолияти самарадорлиги пастлигига кооперациялар фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик халқаро стандартлар талабларига жавоб бермаслиги, мазкур соҳада давлат аралашувларининг сақланиб қолганлиги, кооперацияларга аъзоликни рағбатлантирадиган механизмлар мавжуд эмаслиги каби омиллар сабаб бўлаётганлиги аниқланди. Хусусан:
1. Кооперациялар фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик халқаро стандартлар талабларига жавоб бермайди.
Кооперация соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кўплиги мавжуд нормаларни амалиётда қўллаш жараёнида муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, кооперациялар фаолиятини тартибга солувчи умумий қонун – “Кооперация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бугунги кун талабларига, хусусан Халқаро Кооперация Иттифоқи тамойиллари ва тавсияларига жавоб бермайди. Мазкур Қонун 16 моддадангина иборат бўлиб, унинг қоидалари умумий характерга эга, кооперация аъзоларининг манфаатларини ифода этмайди ҳамда давлат назоратини белгилаш билан чегараланган.
Маълумот ўрнида: Хитойнинг “Кооперациялар тўғрисида”ги қонуни (Cooperatives Act) 9 бўлим, 77 моддадан иборат. Германиянинг “Кооперациялар тўғрисида”ги қонуни (Cooperative Law) 10 бўлим, 174 моддадан иборат.
Жумладан, мазкур Қонунда кооперациялар фаолиятинининг асосий принциплари акс этмаган. Шу сабабли унинг қоидалари ҳам мазмунан умум қабул қилинган принципларга мос келмайди.
Кооперация мулк ва кооперациянинг заҳира фондини шакллантириш, уни тақсимлаш ва фойдаланиш масалалари масалалари тўлиқ тартибга солинмаган.
2. Кооперациялар фаолиятида давлатнинг назорат функциялари сақланиб қолмоқда.
Кооперациялар давлат томонидан ишлаб чиқилган ривожланиш дастурлари асосида ташкил этилиши амалиёти шаклланган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 декабрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4549-сон қарорида 2020 йилда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларининг 22 та туманида 31 та, 2021 йилда республика бўйича 100 та қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилиши белгиланган.
Таъкидлаш керакки, мазкур қоидалар кооперациялар фаолиятини ташкил қилиш принципларига мос келмайди.
3. Амалдаги қонунчилик кооперация аъзоларнинг аъзоликдан манфаатдорлигини таъминламайди.
Кооперация фаолиятини тартибга солувчи қонунларда кооперацияларнинг фаолият юритишини рағбатлантирадиган ёки аъзоларнинг манфаатдорлигини оширадиган механизмлар мавжуд эмас. Хорижий давлатларда захира фондларини ўз ичига олган кооперация капитал улуши, ҳиссаси ёки аъзонинг улуши суд томонидан мусодара қилиниши ёки сотилиши мумкин эмаслиги (Малайзия), кооперациялар даромад ёки тадбиркорлик солиғидан озод қилиниши мумкинлиги (Хитой) назарда тутилган.
4. Кооперациялар фаолияти тўғрисида аҳоли билим даражаси кам, тадбиркорларда ўзаро ишонч муносабатлари шаклланмаган.
Кооперациялар фаолиятининг самарадорлигига салбий таъсир қилувчи омиллар қаторига аҳолининг кооперация фаолияти тўғрисида билим даражаси етарли эмаслиги, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш ва эркин бирлашишга руҳий жиҳатдан тайёр эмаслик кабиларни ҳам киритиш мумкин.
Аммо, республикамизда кооперацияларни ривожлантиришда мазкур жиҳатларга деярли эътибор берилмайди. Қонунчиликда ҳам аниқ механизмлар назарда тутилмаган.
5. Кооперация аъзоларида кооперацияни бошқариш кўникмаларини шакллантирувчи механизмлар мавжуд эмас.
Халқаро амалиёт кооперация бошқарув бешта элемент бўйича таснифланиши лозимлигини кўрсатади. Булар бош ассамблея, бошқарув раиси, ижроия кенгаши ёки кузатув кенгаши, тафтиш, қўмиталардан иборат. Бошқарувнинг мазкур тузилиши аъзоларда кооперацияни бошқариш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган. Аммо, қонунчилигимизда бошқарувнинг барча шакллари назарда тутилмаган.
6. Кооперацияларни рўйхатга олиш тизимли тартибга солинмаган. “Кооперация тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида кооперациянинг устави кооперация таъсис этишни истаган фуқароларнинг умумий йиғилишида ёки юридик шахслар мухтор вакилларининг йиғилишида қабул қилиниши ва кооперация жойлашган ердаги ҳокимликда рўйхатга олиниши белгиланган бўлсада, кооперацияларни рўйхатга олиш етарлича тартибга солинмаган.
Юқорида келтирилган муаммолар ва қонунчиликдаги камчиликлар натижасида жисмоний ва юридик шахсларнинг кооперацияларга бирлашуви сезиларли даражада камайиб кетган, уларнинг кооперацияларга аъзоликдан манфаатдорлиги йўқолган.
Юқоридагиларга кўра, кооперациялар фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:
1. “Кооперация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини янги таҳрирда ишлаб чиқиш, қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасида қуйидагиларни назарда тутиш таклиф этилади:
- кооперацияга аъзолик, аъзоларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини халқаро стандартларга мослаштириш;
- кооперацияларни давлат рўйхатидан ўтиш тартиби;
- халқаро давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, кооперация бошқарувнинг умумий йиғилиш, бошқарув раиси, ижроия кенгаш (кузатув кенгаши) ва тафтишдан иборат эканлигини ҳамда уларнинг фаолияти, ваколатлари ва функцияларини белгилаб қўйиш;
- кооперация мулк таркиби, улардан фойдаланиш тартиби, кооперация акциялар, аъзоларнинг мулкий ҳуқуқлари ва жавобгарлиги масаларини акс эттириш;
- амалдаги қонунчиликда мавжуд бўлмаган кооперациянинг заҳира фондини шакллантириш, уни тақсимлаш ва фойдаланиш тартибини назарда тутиш;
- кооперация ва унинг аъзолари ўртасидаги низоларни ҳал қилиш бўйича аниқ қоидаларни аниқ белгилаш, бунда суд ролини имкон қадар камайтириш;
- кооперация тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик масалаларини тўғридан-тўғри белгилаш;
- кооперациянинг фаолиятини тўхтатиш ва уни қайтадан ташкил этиш масалаларини такомиллаштириш.
2. Ўзбекистон Республикасининг “Қишлоқ хўжалиги кооперацияи (ширкат хўжалиги) тўғрисида”ги Қонунини бекор қилиш ҳамда барча кооперация муносабатларни “Кооперация тўғрисида”ги Қонунда акс эттириш;
3. Кооперацияларнинг фаолият юритишини рағбатлантирадиган ёки кооперациялардан аъзоларнинг манфаатдорлигини оширадиган механизмларларни (солиқлардан, божхона тўловларидан озод қилиш, ҳукумат томонидан имтиёзли кредитлар бериш) яратиш;
4. Қонунчиликда аъзоларда ўзаро ишонч муносабатларини шакллантиришга хизмат қилувчи механизмларни, жумладан қуйидагиларни белгилаб қўйиш:
- фойда ва зарарнинг аъзоларнинг шахсий меҳнати билан иштироки ёки хўжалик фаолиятдаги иштирокини ҳисобга олган ҳолда улар ўртасида тақсимланиши;
- фаолиятнинг ошкоралик асосида бошқарилиши, ҳар бир аъзо, қўшган мулкий ҳиссасининг миқдоридан қатъи назар, бир овозга эга бўлиши;
- фаолият тўғрисидаги ахборотларни унинг барча аъзолари учун очиқ бўлиши.
5. Кооперациялар фаолиятига оид статистик маълумотларнинг очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш;
6. Кооперациялар ва уларнинг аҳамияти тўғрисида аҳоли, жумладан тадбиркорлар хабардорлигини ошириш мақсадида турли тарғибот тадбирларини амалга ошириш.
Мазкур таклифларнинг амалиётга жорий қилиниши тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўзаро рақобат муҳитини шакллантиради, улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилайди, ҳар бир соҳада (қишлоқ хўжалиги, суғурта, хизматлар кўрсатиш ва ҳ.к) самарадорлик кўрсаткичларини оширади, чакана нархларни пасайтиради ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширади. Шунингдек, ижтимоий жиҳатдан кооперацияларнинг кенг кўламли фаолияти орқали аҳоли бандлиги таъминланади, кам таъминланган, ишсиз фуқароларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланади.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими А.Сафарова
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими А.Сафарова
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?