
Ўзбекистон терма жамоаси Риёдда бўлиб ўтаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида муваффақиятли иштирок этишда давом этмоқда. Таэквондо, қиличбозлик ва енгил атлетика бўйича ўзбекистонлик спортчилар олтин ва кумуш медалларни қўлга киритиб, умумий медаллар рейтингида мамлакатнинг мавқеини мустаҳкамлади.
Диёрбек Тўхтибоев навбатдаги олтин медални Ўзбекистонга олиб келди. У 67 кг вазн тоифасида туркиялик рақибини финал жангда мағлубиятга учратиб, мусобақа чемпиони бўлди.
Яна бир олтин медални Марат Мавлонов қўлга киритди. У 82 кг дан юқори вазн тоифасида Қозоғистон вакилидан устун келиб, жамоа ҳисобига олтин медални қўшди.
Светлана Осипова эса 70 кг дан юқори вазн тоифасида аёллар ўртасида ўз иштирокини якунлади. Финалда туркиялик спортчига имкониятни бой бериб, кумуш медални қўлга киритди.
Қиличбозлик бўйича эркаклар ўртасидаги финал ўзбекистонлик спортчиларнинг ички қарама-қаршилигига айланди. Мейирхон Тоҳиров ва Жавоҳир Нурматов ўртасидаги жангда Тоҳиров ғолиб чиқиб, делегацияга йигирманчи олтин медални тақдим этди.
Аёллар финалида эса Гулистон Пердибоева олтин медал учун кураш олиб борди. Бироқ у туркиялик рақибига 8:15 ҳисобига имкониятни бой бериб, иккинчи ўринни эгаллади.
Шарифа Давронова уч хатлаб сакраш секторида кумуш медал соҳибига айланди. У 13,91 метр натижа қайд этиб, мусобақани иккинчи ўринда якунлади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.