date

Трамп Венесуэла АҚШга 30–50 млн баррел нефть беришини маълум қилди

Трамп Венесуэла АҚШга 30–50 млн баррел нефть беришини маълум қилди

Венесуэладаги ўтиш давридаги ҳокимият АҚШга 30–50 миллион баррел “юқори сифатли, санкциялар остидаги нефт” етказиб беришни режалаштираётгани айтилмоқда. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп 7 январ, чоршанба куни Truth Social’да ёзди. Эътиборлиси, ушбу баёнот АҚШ Венесуэла раҳбари Николас Мадурони қўлга олиш мақсадида ўтказган ҳарбий операциядан атиги бир неча кун ўтиб пайдо бўлди.

Трамп постида нефть бозор нархида сотилишини, тушумлар эса “Венесуэла халқи ҳамда Қўшма Штатлар манфаатига хизмат қилиши” назорат остида бўлишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, у АҚШ энергетика вазири Крис Райтга “режани дарҳол амалга ошириш” бўйича топшириқ берган. Режага биноан, Венесуэла нефти кемалар-омборлар орқали олиб кетилиб, тўғридан тўғри АҚШдаги тушириш пирсларига етказилади.

“Гап катта пуллар ҳақида кетяпти”, дея қайд этади dpa агентлиги. Охирги ойларда Трамп маъмурияти Каракасни Венесуэладан АҚШга наркотрафикка кўмаклашишда айблаб келди ва буни Қўшма Штатлар ҳамда фуқароларининг миллий хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрсатди. Венесуэла томони эса, аксинча, Вашингтонни мамлакатнинг табиий бойликларини қўлга киритиш истагида айблагани айтилмоқда.

Маълумки, Венесуэла ҳудудидаги нефт захиралари дунёдаги энг йирик аниқланган захиралардан бири ҳисобланади. 2005 йилгача мамлакат АҚШ учун нефть етказиб берувчилар орасида етакчилардан бўлган. Кейин эса манзара ўзгарди: 2007 йилда ўша пайтдаги раҳбар Уго Чавес саноатни миллийлаштириш йўлига ўтиб, жумладан, мамлакатда ишлаётган Америка компанияларига тегишли мулкларни ҳам мусодара қилган.

3 январ куни тунги пайт Венесуэлада америкалик ҳарбийлар иштирокида ўтказилган операциядан кейин Трамп АҚШ компаниялари “мамлакатга келиб, миллиардлаб доллар сарфлайди ва вайрон бўлган инфратузилмани тиклайди”, деган мазмунда баёнот ҳам берган эди.

Бу орада Венесуэланинг вақтинчалик президенти Делси Родригес 6 январ куни телевидение орқали мурожаат қилиб, Николас Мадуро қўлга олинганидан кейин Венесуэла “ташқаридан бошқариляпти” деган гапларни рад этди. У “мамлакатни Венесуэла ҳукумати бошқаради, хорижий актор йўқ”, дея урғу берди.

Родригес шунингдек, АҚШ ҳарбий операцияси қурбонлари хотирасига 7 кунлик мотам эълон қилинганини маълум қилди. Венесуэла ҳокимияти маълумотига кўра, операция вақтида 24 нафар венесуэлалик ҳарбий ҳалок бўлган. Илгарироқ Гавана ҳам Венесуэлада хавфсизлик соҳасида хизмат қилган 32 нафар кубаликнинг ўлими ҳақида хабар берган эди.

Ҳозир эса асосий савол битта: нефть бўйича келишув ҳақиқатан ҳам “халқ манфаати”га ишлайдими ёки геосиёсий тортишувларни янада кескинлаштирадими?

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Трамп Венесуэла АҚШга 30–50 млн баррел нефть беришини маълум қилди