
Instagram ижтимоий тармоғида жадал тарқалаётган видеода ўзбекистонлик дзюдочи, 2 карра Осиё чемпиони, 3 карра Жаҳон чемпионати совриндори Диёра Келдиёрова ўзининг болаликдан буёнги ҳаёт йўли ва қийинчиликлари ҳақида самимий сўзлаб беради.
Видеода у шундай дейди:
"Мен қиш фаслини яхши кўрмасдим. Чунки кроссовкам бўлмасди. Югуриш учун кўчада рулон пакет кийиб, шунда машқ қилардим. Спортдан бошқа қўлимда ҳаётимни ўзгартириши мумкин бўлган ҳеч нарсам йўқ эди. Мана шу спорт менга куч бўлди, менинг тақдиримни ўзгартирди."
Диёранинг айтишича, у оддий ишчи оиласида туғилган ва ҳамиша меҳнат билан улғайган:
"Ота-онам доим айтишарди: ‘Грантга кирсан, ўқитамиз’, деб. Спорт эса менга грантга киришда, чет элга чиқишда, энг муҳими — ҳаётда катта мақсад қўйишда тиргак бўлди."
У ўз чиқишида барча аёллар ва қизларга қуйидаги илҳомли сўзларни йўллайди:
"Билинглар, аёллар, қизлар — ҳаётингизда моддий имкониятлар бўлмаслиги мумкин, аммо ички кучингиз жуда катта. Бу кучни бизга яратган Оллоҳ берган. Фақат ўзингизга ишонинг ва олдинга дадил қадам ташланг."
Диёранинг таъсирли ва қалбдан чиққан сўзлари мухлислар ва кенг жамоатчилик орасида кучли таассурот қолдирди, унга нисбатан минглаб қўллаб-қувватловлар ёмғирдек ёғилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.