date

Нури Шаҳин “Башакшеҳир”нинг йирик ғалабаси ҳақида нималар деди?

Нури Шаҳин “Башакшеҳир”нинг йирик ғалабаси ҳақида нималар деди?

Туркия Кубоги A гуруҳининг 3-турида “Истанбул Башакшеҳир” сафарда “Фатих Карагюмрюк”ни 4:1 ҳисобида йирик мағлубиятга учратди. Учрашув натижаси нафақат жамоанинг гуруҳдаги имкониятларини оширди, балки “Башакшеҳир”нинг шу мусобақадаги катта мақсадлари борлигини ҳам яна бир бор кўрсатди.

Баҳсдан сўнг жамоа бош мураббийи Нури Шаҳин матбуот анжуманида ўйин ҳақида фикр билдириб, футболчиларининг ҳаракатларидан мамнун эканини яширмади.

“Ўйинни бошидан охиригача назорат қилдик ва жуда кўп голли вазиятлар яратдик. Рақибга деярли имконият бермадик. Тўплар нисбати учун яна кўпроқ гол уришимиз ҳам мумкин эди. Футболчиларимни табриклайман. Кубокда “Трабзонспор”га қарши финалга тенг баҳс ўтказамиз. Ўша ўйинда ҳам ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиқишни истаймиз”, — деди мутахассис.

Нури Шаҳиннинг гапларидан бир нарса аниқ: “Башакшеҳир” бу турнирга шунчаки қатнашиш учун келмаган. Матбуот анжуманида ундан “Бу мавсум Туркия Кубогида финал ёки чемпионликни мақсад деб биласизми?” деб сўралганда, жавоб жуда ҳам қатъий бўлди:

“Албатта. Бу — бизнинг аниқ мақсадимиз. Ушбу тизимда гуруҳдан чиқиш осон эмас. Тақвим жиҳатидан ҳам катта устунлигимиз бўлмади. Чемпионатнинг илк учлигидан икки жамоа билан ўйнаяпмиз. Аммо бу баҳона эмас. Иншааллоҳ, “Трабзонспор”ни ҳам мағлуб этиб, кейинги босқичга чиқмоқчимиз. Кейинги босқичга чиқсак, энг кучли 8 жамоа сафига қўшиламиз. У ердаги асосий мақсадимиз — финалда ўйнаш ва кубокни қўлга киритиш”.

Дарҳақиқат, гуруҳ тизимида ҳар бир очко олтинга тенг. Ҳар бир хатолик эса кетишга сабаб. Шунинг учун Шаҳин “тақвим қийин” деб баҳона қилмасдан, жамоасидан максимал натижа талаб қилаётгани сезилиб турибди.

Мураббий шунингдек, учрашувда гол уриб, ўйини билан кўпчиликнинг эътиборини тортган хорватиялик чап қанот футболчиси Иван Брнич ҳақида ҳам илиқ фикр билдирди:

“Иван Брнич биз учун жуда муҳим футболчи. Қачон майдонга тушса, фойда келтиради. Унинг номидан жуда хурсандман. Бир-биримизни янада яхшироқ тушуна бошладик. Аввалроқ тўпсиз ҳаракатларда муаммолари бор эди, ҳозир эса бир-биримизни жуда яхши англаяпмиз, деб ўйлайман”, — деди Нури Шаҳин.

Қизиғи, мазкур учрашув ўзбек мухлислари учун янада ширин бўлди. Чунки баҳсда ҳамюртларимиз Элдор Шомуродов ҳамда Аббосбек Файзуллаев ҳам ўз ҳисобларига гол ёздириб қўйди. Яъни, майдонда нафақат жамоавий устунлик, балки индивидуал жиҳатдан ҳам “Башакшеҳир”нинг кайфияти юқори бўлгани кўринди.

Энди эса энг муҳим синов олдинда — “Трабзонспор”га қарши баҳс. Нури Шаҳин уни “финалга тенг ўйин” деб атади. Демак, бу тўқнашув гуруҳдаги тақдирни ҳал қиладиган, ҳақиқий характер синови бўлади. “Башакшеҳир” эса очиқ айтяпти: мақсад — финал, мақсад — кубок.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Нури Шаҳин “Башакшеҳир”нинг йирик ғалабаси ҳақида нималар деди?