date

Шомуродов ва Файзуллаев Кубок ўйинида ёрқин қаҳрамон бўлди

Шомуродов ва Файзуллаев Кубок ўйинида ёрқин қаҳрамон бўлди

“Истанбул Башакшеҳир” клуби шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси етакчилари Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев Туркия Кубогининг навбатдаги учрашувида ҳам яна бир бор эътибор марказида бўлди. Истанбулликлар Туркия Кубоги “А” гуруҳининг 3-турида сафарда “Фотиҳ Карагюмрюк” билан беллашиб, рақиб майдонидан 4:1 ҳисобидаги ишончли ғалаба билан қайтди.

Мустафо Камол Отатурк номидаги Олимпия стадионида бўлиб ўтган баҳсда “Башакшеҳир”нинг катта устунлиги бошиданоқ сезилди. Жамоа ўйин темпини назорат қилди, ҳужумларни кетма-кет уюштирди ва шундай пайтда ўзбек мухлислари учун энг ёқимли манзара — голларда ҳамюртларимизнинг исми ёзилди.

Учрашувда меҳмонларга ғалаба келтирган голларни Аббосбек Файзуллаев, Элдор Шомуродов, Мигел Креспо ва Иван Брнич ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Мезбонларнинг ягона жавоб тўпи эса 79-дақиқада Абдулқодир Мусса Коне томонидан киритилди.

Ўйиннинг энг кескин ва мухлисларни бир зумда хавотирга солган лаҳзаси 26-дақиқага тўғри келди. 23-дақиқада гол уриб, жамоасини олдинга олиб чиққан “Башакшеҳир”нинг энг самарали тўпурари Элдор Шомуродов оғриқ ҳис қилиб, майдонни эрта тарк этди. Энди ўзбек легионерининг ҳолати қўшимча тиббий кўрикдан кейин аниқ бўлади: жароҳат даражаси, даволаниш муддати ва кейинги ўйинларда иштирок этиш имконияти шундан сўнг ойдинлашади.

Бу натижа “Башакшеҳир” учун гуруҳ босқичидаги иккинчи ғалаба бўлди. Жамоа очколарини 6 тага етказиб, гуруҳдаги позициясини анча мустаҳкамлади. Илк мағлубиятини қабул қилган “Фотиҳ Карагюмрюк” эса 2 очко билан қолди.

Нури Шаҳин бошчилигида “Башакшеҳир”нинг формаси ҳам кучайиб бормоқда. Жамоа Суперлига ва Туркия Кубоги доирасидаги сўнгги 6 учрашувнинг 5 тасида ғалаба қозонди, бир баҳс дуранг билан якунланди. Энг муҳим кўрсаткич — мағлубиятсиз серия 7 ўйинга етди.

“Башакшеҳир” охирги бор 2025 йил 18 декабрь куни Туркия Кубогида “Галатасарой”га мағлуб бўлган эди. Шундан бери жамоа натижа ва ўйин сифати жиҳатидан ҳам ўзини бошқача кўрсата бошлади. Бу даврда “Башакшеҳҳир” кубокдаги икки учрашувнинг иккаласида ҳам зафар қучди, чемпионатда эса 3 ғалаба ва 1 дуранг қайд этди.

Элдор Шомуродов жорий мавсумда барча мусобақаларни ҳисобга олганда голлар сонини 15 тага етказди. У Суперлигада 20 турдан кейин 14 та гол билан тўпурарлар пойгасида пешқадамлик қилиб турибди. “Фотиҳ Карагюмрюк” дарвозасига киритилган тўп эса Элдорнинг Туркия Кубогидаги илк голи сифатида қайд этилди.

22 ёшли Аббосбек Файзуллаев Туркия майдонларидаги голлар сонини 3 тага етказди. У бунгача Суперлигада “Касимпаша” ва “Газиантеп” дарвозаларини ишғол қилган эди. Энди эса Кубокда ҳам ўз ҳисобини очиб, “мен бу ерда борман” деган сигнални яна бир бор юборди.

Қисқаси, “Башакшеҳир” йирик ғалаба билан гуруҳдаги имкониятларини оширди, Шомуродов ва Файзуллаев эса голлари билан мухлисларни қувонтирди. Энди энг катта интрига — Элдорнинг ҳолати: агар жароҳат жиддий бўлмаса, “Башакшеҳир” учун ҳам, Ўзбекистон мухлислари учун ҳам кейинги ўйинлар янада ширин бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов ва Файзуллаев Кубок ўйинида ёрқин қаҳрамон бўлди