
Ўзбекистон делегацияси Ар-Риёдда бўлиб ўтган VI Ислом бирдамлик ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, мусобақалар якунида умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Спортчиларимиз 96 та медаль қўлга киритди: 29 та олтин, 35 та кумуш ва 32 та бронза.
Сўнгги кунда Ўзбекистон жамоаси яна учта медални ўз ҳисобига қўшди. Хусусан, аёллар ўртасидаги оғир вазн тоифасида пара пауэрлифтинг бўйича иштирок этган Қудратой Тошпўлатова 134 кг тошни кўтариб, иккинчи ўринни эгаллади ва кумуш медаль билан тақдирланди.
Шунингдек, Сарварбек Раҳмонбердиев 62 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. У бронза учун баҳсда Қирғизистон вакилига қарши курашди ва тактик устунлик билан ғалаба қозонди.
Кун сўнггида эса Бекзод Жамилов пара пауэрлифтингнинг оғир вазн тоифасида иштирок этиб, учинчи ўринни эгаллади ва бронза медалини қўлга киритди. Шу тариқа, мусобақанинг якуний куни ҳам Ўзбекистон спортчилари учун муваффақиятли якунланди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.