Макгинн дубль билан порлади, интрига охиригача сақланди: «Астон Вилла» «Ноттингем Форест»ни енгди

АПЛнинг 20-турида «Астон Вилла» ўз майдонида «Ноттингем Форест»ни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашув қаҳрамони Жон Макгинн бўлиб, у икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Ўйин бошидан мезбонлар ташаббусни қўлга олди: «Вилла» тўпни кўпроқ назорат қилди, жарима майдони атрофида босимни оширди ва хавфли вазиятлар яратди. «Форест» эса паст блокда ҳимояланиб, ҳужумга камдан-кам чиқди.
Биринчи бўлим якунланаётган паллада, 45-дақиқада босим натижа берди. Юри Тилеманс ҳужумни бошлаб берди, Морган Роджерс узатмани давом эттирди, Олли Уоткинс жарима майдони ташқарисидан кучли зарба билан тўпни дарвозанинг юқори бурчагига жойлади.
Танаффусдан кейин «Астон Вилла» ҳисобдаги устунлигини тезда оширди: Макгинн ўнг қанотдан Метти Кеш узатган тўпни якунлаб, иккинчи голни урди. Шунга қарамай, «ўрмончилар» тез орада жавоб қайтарди — Морган Гиббс-Уайт дарвозабон билан яккама-якка вазиятдан унумли фойдаланиб, фарқни қисқартирди.
Интрига узоқ давом этмади. Макгинн дарвозабоннинг хатосидан фойдаланиб, бўш дарвозани аниқ нишонга олди ва ўйиндаги иккинчи голини расмийлаштирди. Якунда меҳмонлар ҳисобни ўзгартиришга уринди, бироқ «Вилла» вазиятни назоратда ушлаб қолди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!