«Интер» Болоньядан Суперкубок аламини олди ва етакчиликка чиқди

А Сериянинг 18-турида Милан «Интер»и Италия Суперкубоги ярим финалидаги омадсизликдан сўнг «Болонья»дан реванш олди. «Сан-Сиро»да кечган баҳсда мезбонлар 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир жадвалида «Милан»ни ортда қолдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида «Интер» кетма-кет вазиятлар яратди: Тюрам жарима майдончасидаги курашда зарба бера олмади, қайтган тўпни Лаутаро якунлади, бироқ дарвозабон сейв қилди. Орадан кўп ўтмай Тюрам чапдан узоқ бурчакка йўллаган зарбада ҳам голга яқин келди, кейинги эпизодда Чалҳаноғлу жарима майдони ёйидан тепган тўп рикошет сабаб хавфли траекторияда учди, лекин посбон уни майдон ташқарига чиқариб юборди.
«Болонья» ҳам жавобсиз қолмади: ўнг қанотдан узатмага Одгор бош билан зарба берди, тўп устун ёнидан ўтиб кетди. 39-дақиқада эса «Интер» ҳисобни очди: Лаутаро жарима майдони чизиғи яқинида йиқилган ҳолда пас берди, Зелинский 20 метрдан чап пастки бурчакка аниқ тепди — 1:0. Бир неча дақиқадан сўнг Лаутаро яқин бурчакка кучли зарба йўллади, дарвозабон яна қутқарди.
Иккинчи бўлим бошида Димарко чапдан жарима майдончасига ёриб кириб, яқин устун остини нишонга олди, голкипер оёғи билан тўпни қайтарди. 48-дақиқада «Интер» бурчак тўпидан кейин фарқни оширди: Лаутаро корнер узатмасини бош билан дарвозага йўллади — 2:0. Кейин Тюрам ўнгдан ёриб кириб узатма берди, Лаутаро бир зарбада тўпни тўсинга тегизди, яна бир вазиятда эса унинг ўрта масофадан урган зарбаси дарвозабон томонидан қайтарилди.
74-дақиқада яна корнер «Интер» фойдасига ишлади: Димарконинг яқин устунга йўллаган пасидан сўнг Тюрам позицион курашда ютиб чиқиб, елка билан тўпни дарвозага киритди — 3:0. «Болонья» 83-дақиқада жавоб қайтарди: Ликойаннис марказга узатди, Кастро йиқилган ҳолда зарба бериб ҳисобни қисқартирди — 3:1.
Натижада «Интер» 3 очко эвазига «Милан»ни ортда қолдириб, 1-ўринга кўтарилди. «Болонья» эса 7-поғонада қолди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!