Жезуш Роналдуга дам берди ва сабабини тушунтирди

“Ал-Наср” бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналду нега яқинлашиб келаётган учрашувда майдонга тушмаслигини изоҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ар-Риёд клуби чоршанба куни ОФК Чемпионлар лигаси доирасида “Аркадаг”га қарши баҳс олиб боради. Португалиялик ҳужумчи тез орада сафга қайтиши кутилaётган бўлса-да, бу ўйинда ҳам унинг иштироки кўзда тутилмади.
“Жадвал жуда тиғиз. Шу сабаб Роналду ва асосий таркибдаги яна бир қатор футболчиларга дам беришга қарор қилдик. Олдинда “Ал-Фатеҳ”га қарши муҳим учрашув бор”, — деди Жезуш. Унинг сўзларини Al Nassr Zone келтирди.
Мураббий Роналдуга дам бериш “янгилик” эмаслигини ҳам таъкидлади: суперюлдуз Саудия Арабистонидан ташқарида ўтадиган айрим ўйинларда аввал ҳам майдонга тушмаган.
Саудия чемпионатида “Ал-Фатеҳ” — “Ал-Наср” учрашуви шанба куни, 14-февралда бўлиб ўтади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!