Неаполда банк талончилари туннелдан қочиб кетди

Кеча, 16 апрель куни Неапол шаҳрида содир бўлган кутилмаган ва шов-шувли жиноят воқеаси бутун Италияда катта резонанс уйғотди. Қуролланган гуруҳ банк филиалига бостириб кириб, ходимлар ва мижозларни гаровга олгани, сўнгра ерости йўллари орқали изсиз ғойиб бўлгани маълум қилинди.
Дастлабки маълумотларга кўра, жиноятчилар банкка кирган заҳоти вазиятни ўз назоратига олган ва жами 25 кишини гаровда ушлаб турган. Воқеа жойига тезкор етиб келган полиция бинони ўраб олган, ҳудуд эса хавфсизлик сабаб тўлиқ ёпилган.
Тахминан икки соат давом этган музокаралардан сўнг гаровдагилар озод этилган. Баъзи одамлар кучли стресс ҳолатига тушгани сабабли уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилган, аммо жиддий жароҳатлар қайд этилмаган.
Махсус хизматлар бинога бостириб кирган пайтда эса жиноятчилар аллақачон йўқ бўлиб улгурган эди. Кейинги текширувлар уларнинг олдиндан тайёрланган махфий йўл — канализация тизимига уланадиган туннел орқали қочиб кетганини аниқлади.
Гувоҳларнинг айтишича, босқинчилар қуролланган бўлса-да, гаровдагиларга жиддий зарар етказмаган, бироқ уларни алоҳида хонага қамаб қўйган. Бу эса режа олдиндан пухта ишлаб чиқилганини кўрсатмоқда.
Ҳодиса вақтида фавқулодда хизматлар банк ойналарини синдириб, ичкарида қолган фуқароларни эвакуация қилган. Минглаб одамлар воқеани жонли эфир орқали кузатиб борган.
Ҳозирда полиция канализация ва ерости тармоқлари бўйлаб кенг кўламли қидирув ишларини давом эттирмоқда. Жиноятчилар қанчалик миқдорда маблағ ёки қимматбаҳо буюмларни ўмариб кетгани эса ҳали аниқланмаган.
Мазкур воқеа Италияда хавфсизлик тизими ва банк муҳофазаси бўйича жиддий саволларни яна кун тартибига олиб чиқди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!