Тьерри Анри «Барса»да тизимли ҳимоя муаммосини танқид қилди

«Барселона»нинг собиқ ҳужумчиси Тьерри Анри каталонияликларнинг УЕФА Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетиши юзасидан кескин фикр билдирди. Жамоа 1/4 финалда икки ўйин натижасига кўра 2:3 ҳисобида «Атлетико»га ютқазди.
Анрининг таъкидлашича, «Барселона»га юқори савиядаги марказий ҳимоячилар жуда зарур. У ҳакамлик ҳақида узоқ гапириш мумкинлигини, аммо асосий эътибор ўз ўйинини таҳлил қилишга қаратилиши кераклигини айтди:
— Бу «Барса»га жуда ҳам юқори савиядаги ҳимоячилар керак. Ҳакамлик ҳақида бутун тун гапиришимиз мумкин, аммо ўзимизни танқид қилишимиз ҳам шарт. Агар ҳеч нарса ўзгармаса, келгуси 10 йилда ҳам худди шу ҳолатни кўрамиз ва бу жиддий муаммо бўлади, — деди у. Анри фикрича, жамоада тизимли камчиликлар мавжуд ва улар тезда ҳал қилиниши шарт.
У юқори ҳимоя чизиғи билан ўйнаш «Барселона» учун доимий хавф яратаётганини ҳам алоҳида таъкидлади. Ҳатто жамоа устунлик қилаётган пайтларда ҳам рақибларга кўп имконият берилаётгани плей-офф босқичларида қийинчилик туғдиради:
— Бундай катта даражадаги ўйинларда юқори ҳимоя чизиғи билан ўйнаш вазиятни жуда ҳам мураккаблаштиради. Бу «Барселона» ҳатто ўзи устунлик қилаётган пайтда ҳам рақибга имкониятлар беради, шунинг учун плей-офф босқичларидан ўтиш жуда қийин бўлади, — деди Анри.
Анри бу ҳақда бир неча йилдан бери огоҳлантириб келаётганини айтди. Унинг фикрича, барқарорлик йўқлиги юқори даражадаги натижаларга эришишни қийинлаштирмоқда:
— Мен бу ҳақда икки йилдан бери айтиб келяпман. Афсуски, бу жамоага келаси мавсумнинг ўзидаёқ элита даражасидаги марказий ҳимоячилар жуда зарур. Агар сизда майдондаги бўш ҳудудларни ёпиш учун чидам ёки тезлик бўлмаса, ўзингизни жуда қийин аҳволга солиб қўясиз. Бу шунчаки омадсиз оқшом эмас, балки тезда ҳал қилиниши керак бўлган тизимли муаммо, — дея хулоса қилди у CBS эфирида.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!