date

Европа грандларида мураббийлар алмашинуви мавсуми авжида

Европа грандларида мураббийлар алмашинуви мавсуми авжида

2025/26 йилги мавсум Европанинг бир қатор топ-клублари учун осон кечмаяпти: катта жамоалар аллақачон бош мураббийини алмаштирди, яна кимлардир бу қарорга жуда яқин. «Евро-Футбол.Ру» мавсум давомида топ-клублардан кетган мутахассисларни эслаб, навбатдаги истеъфолар бўйича тахминларни ҳам келтирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.

«Манчестер Юнайтед»даги Рубен Аморим истеъфоси мавсумнинг энг кўп кутилган қарорларидан бири бўлди. 41 ёшли португалиялик мураббий ёздаёқ танқид остида қолган, бироқ клуб раҳбарияти охиригача унга ишонишга уринди. 5 январ куни вазият ўзгарди: аутсайдерлар билан икки ўйинда атиги икки очко олингач, Аморим билан хайрлашилди.

Натижа эса тез келди. Вақтинчалик тайинланган Майкл Каррик илк учрашувдаёқ «Манчестер Сити»ни 2:0 ҳисобида енгди, кейин сафaрда «Арсенал»дан 3:2 билан устун келди. «Фулҳем» (3:2) ва «Тоттенҳем» (2:0) устидан ғалабалар ҳам қўлга киритилди. Сўнгги турда «Вест Ҳем» билан 1:1 дуранг қайд этилди, аммо «қизил иблислар» АПЛда 4-ўринга чиқиб, Чемпионлар лигаси зонасига жойлашиб олди.

«Челси» Энсо Мареска билан хайрлашгани эса кўпчиликка мантиқсиз туюлди. Жамоа юлдузларга бой бўлмаган, ёш таркиб билан ўйнаётганига қарамай, италиялик мураббий икки соврин — Конференциялар лигаси ва Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ютди, АПЛда эса мунтазам Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашди.

ОАВ талқинига кўра, бу қарор кўпроқ натижалардан эмас, клуб ичидаги келишмовчиликлардан келиб чиққан: Мареска «Челси»нинг трансфер сиёсати ва кам танилган ёш футболчиларга таяниш йўлини тўлиқ қўллаб-қувватламаган. Йил бошидан буён жамоани Лиам Розеньёр бошқармоқда, аммо натижалар ҳозирча барқарор эмас.

Англиядаги навбатдаги энг янги истеъфо «Тоттенҳем»да юз берди. 11 феврал куни лондонликлар ўтган ёзда келган Томас Франк билан ҳамкорлик муддатидан олдин тўхтатилганини эълон қилди. «Шпорлар» муаммоли «Ньюкасл»га уйда 1:2 ҳисобида ютқазгач, мавсум охирини кутмасдан мураббийни четлатди.

Таркибда жароҳатлар кўплиги ва супер юлдузлар йўқлиги инобатга олинса-да, клубнинг АПЛда 16-ўринда юриши барибир жуда паст кўрсаткич сифатида баҳоланди. Франк ўрнига Игор Тудор тайинланди, бироқ бу танлов ҳам баҳсли: хорват мутахассиснинг «Ювентус»даги тажрибаси кўнгилдагидек бўлмаган.

Тудор «Ювентус»ни 2025 йил мартидан октябригача бошқарди. Дастлабдаёқ унинг тайинланиши хато бўлиши мумкинлиги сезилганди, шунга қарамай, туринликлар унга мавсумолди йиғинлари ва чемпионат стартни ўтказиш имконини берди. Бироқ вақт ўтган сари жамоа ўйини янада тушиб кетди ва истеъфо мантиқiy якун бўлди.

«Ювентус»нинг Тудор ўрнига Лучано Спаллеттини олиб келгани эса жуда аниқ қарор сифатида кўрилди. «Наполи» ва Италия терма жамоасининг собиқ устози туринликларни қисқа фурсатда Чемпионлар лигаси курашига қайтара олди.

«Реал»да Хаби Алонсо билан хайрлашув ҳам кутилмаган қарорлар қаторига кирди. Маълумотларга кўра, муаммо раҳбарият билан эмас, жамоа ичидаги муҳит билан боғлиқ бўлган: юлдуз футболчилар қатъий интизом, босим (прессинг) ва доимий назоратга мослаша олмади. Натижада Алонсо «Реал» даражасида талаб этиладиган бошқарувни тўлиқ йўлга қўя олмади.

Материалда «Реал»га буюк тактикадан кўра, Карло Анчелотти ёки Зинедин Зидан каби сўзи ўтадиган авторитет кўпроқ кераклиги таъкидланади. Аммо бундай фигурани топиш осон эмаслиги ҳам қайд этилади.

«Монако»да Ади Ҳюттер даври ҳам якунланди. Немис мутахассис 2023 йилда кучли старт қилган, ҳатто бир пайтлар «ПСЖ»га чемпионлик пойгасида жиддий рақобат қилиш мумкин деган таассурот уйғотган. Якуний натижа бундай бўлмаган бўлса-да, Ҳюттерни мутлақо муваффақиятсиз дейиш қийин: у жамоани кетма-кет икки марта Чемпионлар лигасига олиб чиққан.

Бироқ жорий мавсум старти «Монако» учун омадсиз кечди ва бу истеъфога олиб келди. Клуб эса унинг ўрнига 38 ёшли Себастьен Поконьолини танлади — у ўтган йил октябригача Бельгиядан ташқарида ишламаган ва бу танлов ҳам саволлар уйғотмоқда.

Навбатдаги истеъфолар рўйхатида илк ном сифатида айнан Поконьоли тилга олинади. У Францияда кутилган даражада натижа бера олмаяпти: кўплаб футболчиларнинг ўйини пасайган, жумладан Александр Головин ҳам аввалги даражасида эмас. Шунга қарамай, Головин барибир майдонда энг кўзга кўринганлардан бири бўлиб қолмоқда.

Россия терма жамоаси бош мураббийи Валерий Карпин ҳам Головиннинг ўйинини стадионда кузатиб, мавсумнинг айни шу қисмида у «Монако»даги энг яхши футболчи эканини айтган.

Шунингдек, «Ливерпул»да Арне Слотнинг келажаги ҳам хавф остида экани ёзилмоқда. Муаллифлар фикрича, у ҳозирча асосан ўтган йили қўлга киритилган чемпионлик кредити эвазига ишлаб турибди. Агар ўшанда «мерсисайдликлар» олтинни олмаганида, Слот билан аллақачон хайрлашилган бўлиши мумкин эди.

Клубнинг янги футболчиларга катта маблағ сарфлагани фонида Слотдан янада юқори натижалар кутилмоқда. Шу сабабли у энди ҳар бир имкониятни максимал даражада оқлаши зарурлиги таъкидланади.

Рўйхат якунида «Ньюкасл» бош мураббийи Эдди Хау ҳам тилга олинади. Мутахассис ижобий қиёфага эга бўлса-да, жамоа ҳимоясини тартибга солиш ҳамон оғриқли нуқта бўлиб қолмоқда. Ҳужум чизиғи эса Исак кетганидан кейин анча сусайгани қайд этилган.

Кўплаб жароҳатлар ва молиявий чекловлар вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Ёзда «Ньюкасл» ҳужумчи Ник Волтемаде учун рекорд 75 миллион евро тўлагани, бироқ у «Астон Вилла»га қарши сўнгги ўйинга қадар 13 учрашув кетма-кет гол ура олмагани ҳам танқидий фонни кучайтиргани айтилади.

Дмитрий Миляев

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Европа грандларида мураббийлар алмашинуви мавсуми авжида