Humans асосчиси халқаро қидирувга берилди: жиддий айбловлар очиқланди

Ўзбекистон ҳукумати Humans компанияси асосчиси ва раҳбари Владимир Добрининни халқаро қидирувга берди. Бу ҳақдаги маълумотлар Интерполнинг расмий платформасида эълон қилингани орқали жамоатчиликка маълум бўлди.
Манбаларга кўра, тадбиркорга нисбатан жиддий айбловлар илгари сурилган. Хусусан, у қимор ва таваккалчиликка асосланган турли хил ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш, шунингдек, молиявий операциялар орқали ноқонуний маблағларни “ювиш”да гумонланмоқда.
Интерпол тақдим этган маълумотларга қараганда, Владимир Добринин Австрияда туғилган бўлиб, ҳозирда 52 ёшда. Шу билан бирга, у Россия Федерацияси фуқароси сифатида қайд этилган.

Маълумки, Humans компанияси Ўзбекистон бозорига инновацион суперилова сифатида кириб келган эди. У финтех хизматлари, мобил алоқа имкониятлари ҳамда маркетплейс функцияларини бирлаштирган универсал платформа сифатида тақдим этилганди. Илк босқичда мазкур лойиҳа катта қизиқиш уйғотган ва фойдаланувчилар сони тез суръатларда ошган.
Бироқ вақт ўтиши билан компания фаолиятида жиддий муаммолар юзага чиқди. Хусусан, 2025 йил 14 октябр куни Тошкент туманлараро иқтисодий суди Octobank (собиқ “Равнақ-банк”) мурожаати асосида “Humans” МЧЖни банкрот деб эълон қилди. Қарздорлик миқдори тахминан 430 миллиард сўмни ташкил этгани қайд этилди. Бу ҳолат, асосан, 2025 йил июн ойида тўхтатилган Visa кобрендинг карталарига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ экани айтилмоқда.
Шунингдек, кейинчалик Humans карталари орқали рухсатсиз пул ечиб олиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Бу эса жамоатчилик орасида жиддий хавотир уйғотди. Компания раҳбарияти эса мазкур ҳолатларни техник носозликлар ва эҳтимолий киберҳужумлар билан изоҳлади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Марказий банки мазкур ҳолатлар юзасидан текширув ишларини олиб борди. Текширув натижаларига кўра, ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида барча материаллар Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига юборилди.
Ҳозирча ушбу иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Воқеалар ривожи эса нафақат молия соҳаси, балки рақамли хизматлар бозори учун ҳам муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!