Эрон клублари легионерларни қайтишга чақирмоқда, қарор кутилмоқда

Eurasia Football манбаси тарқатган маълумотларга кўра, Эрон чемпионатида тўп сураётган камида икки нафар хорижлик футболчига мамлакатга қайтиб, ўз жамоаси сафига қўшилиш бўйича расмий мурожаатлар юборилган. Ушбу хатларда сўнгги пайтларда вазият нисбатан барқарорлашгани, ўт очиш тўхтатилгани ва клублар аста-секин янги мавсумга тайёргарликни қайта тиклаётгани қайд этилган.
Футболчиларга йўлланган расмий баёнотларда хавфсизлик масаласи биринчи ўринда экани алоҳида таъкидланган. Клублар ўз ўйинчилари ва ходимларининг ҳаёти ҳамда соғлиғини устувор вазифа сифатида кўраётганини билдириб, барча жараёнлар тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилаётганини маълум қилган.
“Барча ўйинчиларимиз ва ишчи ходимларимиз хавфсизлиги бизнинг энг муҳим вазифамиздир. Биз вазиятни диққат билан кузатмоқдамиз ва сизлар учун хавфсиз ҳамда профессионал муҳит яратиш мақсадида барча зарур чораларни кўрмоқдамиз”, — дейилади расмий мурожаатда.
Шу билан бирга, ички чемпионат тақдири ҳали ҳам очиқлигича қолмоқда. Манбаларга кўра, Эрон футбол федерацияси ва клублар раҳбарияти мусобақани муддатидан аввал якунлаш ёки уни қайта тиклаш вариантларини жиддий муҳокама қилмоқда. Дастлабки маълумотларга қараганда, якуний қарор апрель ойи якунига қадар қабул қилиниши мумкин.
Мамлакатдаги вазиятнинг кескинлашуви сабабли халқаро мусобақаларда иштирок этиш масаласи ҳам муҳокамалар марказида турибди. Айрим расмийлар жаҳон чемпионатида қатнашмаслик ёки клублар ҳамда миллий жамоаларнинг айрим давлатларга сафарларини чеклаш эҳтимоли ҳақида фикр билдирган. Бироқ ҳозирча бу борада аниқ ва расмий қарорлар қабул қилингани йўқ.
Шунга қарамай, айрим жамоалар ўз иштирокини давом эттирмоқда. Масалан, “Трактор” клуби Саудия Арабистонида Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида ўйин ўтказди. Миллий терма жамоа эса ёзда Шимолий Америкада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнларини бошлаб юборган.
Айни вақтда Эрон клублари таркибида 40 нафарга яқин легионер фаолият юритмоқда. Улар орасида беш нафар ўзбекистонлик футболчи — Жалолиддин Машарипов, Остон Ўрунов, Рустам Ашурматов, Одил Ҳамробеков ва Игор Сергеев ҳам бор. Шунингдек, икки нафар тожикистонлик ва бир нафар қирғизистонлик ўйинчи ҳам қайд этилган.
Ҳарбий зиддият бошланганидан сўнг, хорижий футболчиларнинг аксарияти мамлакатни шошилинч равишда тарк этган. Улар асосан Туркия ва Озарбойжон билан чегара орқали чиқиб кетгани айтилмоқда. Энди эса вазият нисбатан тинчланаётган бир пайтда, уларни яна жамоалар сафига қайтариш жараёни бошланмоқда.