Неймар MLSга ўтиши мумкин: Лионел Месси билан учрашув ёки кутилмаган вариант

Бразилиялик юлдуз Неймар ўзининг навбатдаги трансфери борасида якуний қарорни қабул қилиш арафасида. Ҳозирда Сантус жамоаси сафида бўлган 34 ёшли футболчи фаолиятини хорижда давом еттиришга яқин турибди. Кўпчилик уни Интер Маями сафида Лионел Месси ва Луис Суарез билан қайта бирлашишини кутаётган бўлса-да, Синсиннати клуби ҳам ушбу трансфер пойгасида жиддий даъвогар сифатида тилга олинмоқда. Бу ҳақда Гоал.ком хабар беради.
Журналист Бен Джейкобснинг таъкидлашича, Неймар ўз келажаги борасида Жаҳон чемпионатидан сўнггина аниқ қарорга келади. Футболчининг жисмоний ҳолати ва турнирдаги иштироки унинг трансфер қиймати ҳамда клублар қизиқишига бевосита таъсир кўрсатади. Шунга қарамай, MLS клублари бразилиялик ҳужумчини ўз сафига қўшиб олиш учун жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
Бундан ташқари, MLS доирасида бошқа юлдуз футболчиларнинг ҳам трансфери муҳокама қилинмоқда. Ливерпул билан хайрлашаётган Муҳаммад Салах Сан Диего ФК жамоасининг асосий нишонига айланган. Шунингдек, Манчестер Юнайтед ярим ҳимоячиси Касемиро ҳам Интер Маями ва ЛА Galaxy клублари қизиқишлари доирасида қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!