Янгиланган Telegram'да AI узун матнларни қисқа баён қилади

Telegram 2026 йилнинг илк йирик янгиланишини тақдим этди. Унда контент билан ишлашни енгиллаштирадиган имкониятлар пайдо бўлди: хусусан, узун постлар учун ақлли қисқа баёнлар ва iOS иловаси интерфейсининг янгиланган кўриниши. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Асосий янгиликлардан бири — AI асосидаги қайта баён қилиш функцияси. У каналлардаги узун хабарлар ҳамда Instant View саҳифаларидаги материаллар учун автоматик тарзда ихчам мазмун яратади.
Telegram бу ечим очиқ AI моделларига таянишини, улар Cocoon номли марказлашмаган тармоқда ишга туширилишини билдирди. Компания талқинига кўра, бундай ёндашув фойдаланувчи маълумотларини ҳимоялашга ёрдам беради ва сўровлар қайта ишланиши жараёнида шифрлашни таъминлайди.
iOS версиясида эса “суюқ шиша” услубидаги визуал дизайн тўлиқ жорий этилди: шаффофлик ва ёруғлик синиши эффектлари интерфейс элементларида акс этади.
Фойдаланувчилар ушбу визуал эффектларни қўлда бошқариши ҳам мумкин. Бунинг учун “Созламалар → Энергия тежаш” бўлими орқали кўриниш эффектларини мослаб, унумдорликни оптималлаштириш ва қурилманинг ишлаш вақтини узайтириш таклиф этилади.
Telegram, шунингдек, 2025 йил давомида 13 та йирик янгиланиш доирасида 75 дан ортиқ янги функция чиқарилганини эслатди. Компания маълумотига кўра, янгиланишлар ўртача ҳар 26 кунда тақдим этилган, айрим пайтларда эса танаффус атиги 8 кунни ташкил қилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!