date

Сунъий интеллект ижтимоий ҳолатларни "ҳис қилмайди", инсонлар устун

Сунъий интеллект ижтимоий ҳолатларни "ҳис қилмайди", инсонлар устун

Сунъий интеллект (СИ) бугунги кунда юзни таниш, объектларни ажратиш ва матн ёзиш каби бир қатор вазифаларни бажаришда яхши натижалар кўрсатмоқда. Аммо одамлар ўртасидаги ижтимоий ишоралар, ҳаракатлар ва ниятларни англашда у ҳали ҳам инсондан ортда қолмоқда. Янги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги СИ моделлари ҳаракатдаги ижтимоий саҳналарни талқин қилишда одамлардан аниқ кўра олмаяпти.

Жонс Хопкинс университети олимлари олиб борган тадқиқотга кўра, мавжуд СИ тизимлари инсонлар ўртасидаги ижтимоий ўзаро таъсирни — ким ким билан мулоқот қилаётганини, ким нима қилмоқчи эканлигини ва ҳаракатлар ортидаги ниятларни тўлиқ англаб ета олмади. Бу эса, ўз-ўзини бошқарадиган автомобиллар, ёрдамчи роботлар ва реал ҳаётда одамлар билан бир маконда ҳаракат қилиш лозим бўлган технологиялар учун жиддий муаммо.

Тадқиқотнинг бош муаллифи Лейла Исикнинг сўзларига кўра, муаммо фақат маълумотда эмас, балки СИнинг ўзи қандай "ўйлайди" деган саволда. "Масалан, ўз-ўзини бошқарадиган автомобил пиёдаларнинг ниятини англаши керак: у қайси томонга ўтмоқчи, икки киши суҳбатлашяптими ёки кўчани кесиб ўтишга тайёрланяптими. Агар СИ одамлар билан ўзаро алоқада бўлиши керак бўлса, у инсон ҳаракатларини тўғри таниши шарт. Бу тадқиқот шуни кўрсатяптики, ҳозирги тизимлар бунга ҳали қодир эмас", — дейди Исик.

Тажриба қандай ўтказилди?

Олимлар иштирокчиларга уч сониялик видеоларни намойиш қилган. Видеоларда одамлар бир-бири билан мулоқотда бўлган, ёнма-ён ҳаракат қилган ёки мустақил ҳолда кўрсатилган. Иштирокчилар видеодаги ижтимоий ўзаро таъсирни беш баллик шкалада баҳолашди.

Шундан сўнг, тадқиқотчилар 350 дан ортиқ СИ моделларига — тил, видео ва тасвир моделларига инсонлар хатти-ҳаракатини ва ҳатто мия фаолиятини башорат қилиш вазифасини топширишди.

Натижа кутилганидек… инсонлар фойдасига чиқди

Иштирокчилар баҳолашда кўп ҳолларда бир хил фикрга келишди. СИ моделлари эса тури ва ўқитилган маълумотларига қарамай, бундай бирдамликни кўрсата олмади. Видео моделлар одамлар видеода нима қилаётганини аниқ тасвирлай олмади. Ҳатто ҳаракатсиз кадрлар асосида ишлайдиган тасвир моделлари ҳам одамлар ўзаро мулоқотдами ёки йўқлигини ишончли тарзда аниқлай олмади.

Қизиғи шундаки, тил моделлари инсон хулқ-атворини тахмин қилишда, видео моделлар эса миядаги асабий фаолликни прогноз қилишда яхшироқ натижа кўрсатди. Аммо умумий манзара барибир аён: СИ ижтимоий динамикани “ҳис қилмайди”.

Статик дунёда туғилган интеллект

Олимлар бу муаммонинг илдизини СИ архитектурасининг ўзида кўришмоқда. Ҳозирги нейрон тармоқлар инсон миясининг асосан статик тасвирларни қайта ишлайдиган қисмидан илҳомланган. Ҳолбуки, ижтимоий саҳналарни англаш учун миянинг бутунлай бошқа — динамика, ҳаракат ва контекстни қайта ишлайдиган соҳалари ишга тушади.

"Расмни кўриш, объект ва юзни таниш — бу биринчи қадам эди. Аммо ҳаёт статик эмас. Саҳнада нима содир бўляпти, одамлар қандай муносабатда — шуни англай оладиган СИ керак. Бу тадқиқот шу йўлдаги катта қора нуқтани кўрсатиб беряпти", — дейди тадқиқот муаллифларидан бири Кэти Гарсия.

Хулоса шундай: сунъий интеллект ҳали жуда кўп нарсани «кўриб туриб», англамаяпти. Одам эса — ишорадан, ҳаракатдан, сукутдан ҳам маъно чиқара олади. Шундай экан, ҳозирча ижтимоий саҳналарни ўқиш борасида инсон миясига рақобатчи йўқ. СИ эса ҳали навбатда — ўқувчи сифатида.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Техно » Сунъий интеллект ижтимоий ҳолатларни "ҳис қилмайди", инсонлар устун