Ўзбекистонда беш кунда 2,5 миллионга яқин хонадон рўйхатга олинди

Президент Шавкат Мирзиёевга аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнининг бориши юзасидан ахборот берилди. Маълум қилинишича, махсус портал орқали ҳозиргача 2,48 млн хонадон, шунингдек 31 мингта фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхоналари рўйхатдан ўтказилган.
Рўйхатга олиш ишлари 15 январдан 28 февралгача икки босқичда ташкил этилган. Дастлабки босқичда фуқаролар анкеталарни онлайн мустақил тўлдириши мумкин, кейинги босқичда эса “маҳалланинг еттилиги” ходимлари планшетлардан фойдаланган ҳолда уйма-уй юриб маълумотларни йиғади.
Жараённи кузатиб бориш учун 7,6 миллиондан ортиқ хонадон ва турар жой объектларини қамраб олган геоинформацион тизим йўлга қўйилган. Фуқароларнинг шахсий маълумотлари ҳимоялангани ва улар фақат статистик мақсадларда ишлатилиши таъкидланди.
Рўйхатга олишни ташкилаштиришга қарийб 60 минг киши жалб қилинган, ҳудудий ҳамда туман штаблари тузилган. Аҳолини хабардор қилиш мақсадида кенг кўламли ахборот кампанияси ҳам ўтказилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!