Навоийда бир ой ичида иккинчи бор йўловчи автобуси ағдарилди

Навоий вилоятида шаҳарлараро йўналишда ҳаракатланган йўловчи автобуси иштирокида навбатдаги йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўлакка чиқиб кетган ва оқибатда автобус ағдарилган. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса 17-январ куни соат 09:00 да (Тошкент вақти билан) А-379 халқаро автомобиль йўлининг “Навоий – Учқудуқ” йўналиши, 189-километрида содир бўлган.
Автоҳалокат натижасида икки киши жароҳат олиб, Зарафшон шаҳар марказий шифохонасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 1-қисми (ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 5-январ куни ҳам Навоий вилоятида салонида 47 нафар йўловчи бўлган автобус ағдарилганди. Ўшанда оқибатлар оғир кечиб, икки киши воқеа жойида ҳалок бўлган, яна тўққиз киши турли даражада тан жароҳати олганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!