Камчаткада қор коллапси: кўчалар ёпилди, фавқулодда ҳолат давом этмоқда

Петропавловск-Камчатскийда қиш бу йил “оддий мавсум” эмас, ҳақиқий синовга айланди. «Камчатка-Информ» агентлиги ҳудудий гидрометеомарказга таяниб хабар беришича, 2025 йил декабрь ойида минтақада 370 мм ёғин тушган — бу ойлик меъёрнинг 316 фоизи дегани. 2026 йил январининг биринчи ярмида эса шаҳарга яна 163,6 мм қор ёғган — бу эса ойлик норманинг 150 фоизига тенг.
Натижа кўз ўнгида: шаҳарда қор қоплами баландлиги 170 смгача етган, айрим ҳудудларда эса 2,5 метрдан ҳам ошган. Ижтимоий тармоқларда эса маҳаллийлар “5 метргача чиққан қор уюмлари” ҳақида ёзмоқда — бу гаплар ҳазилдек туюлади, лекин вазият ҳазил эмас.
Фавқулодда режим, кўчки хавфи ва “қордан чиқиш” операцияси
Петропавловск-Камчатскийда муниципал миқёсда фавқулодда вазият режими ҳали ҳам амал қилмоқда. 17 январга келиб циклонлар чекина бошлагани айтилса-да, минтақада қор кўчкиси хавфи бўйича огоҳлантириш сақланиб қолган. Фақат душанбага ўтар кечаси шаҳар кўчаларидан 2,5 минг куб метр қор олиб чиқиб кетилган.

Камчатгидромет раҳбари Вера Полякова сўнгги бир ярим ойдаги об-ҳаво шароитини экстремал тоифа деб атаб, бу каби ҳолатлар жуда кам учрашини айтган. Унинг таъкидлашича, бу даражадаги миқёс охирги бор 1970-йиллар бошларида қайд этилган — ўшанда қисқа муддатда бир неча ойлик ёғингарчилик тўпланиб қолган.
Транспорт тўхтади, одамлар махсус автобусларда ташилди
“Қор коллапси” фонида шаҳарда йўловчи автобуслар ҳаракати бир муддат тўхтаб қолган. Одамларни Росгвардия автозаклари ва ободонлаштириш хизматларига мўлжалланган махсус автобусларда ташишган. Фақат 17 январдан бошлаб автобуслар ҳаракати маълум чекловлар билан қайта тикланган.
Қор уйларга кирди: қутқарувчилар, ҳарбийлар, қиммат хизматлар
Айрим уйлар атрофини қор босиб, аҳоли том маъносида “қамалиб” қолган. Ҳудудларни тозалашда қутқарувчилар ва ҳарбийлар ёрдам бермоқда. Шу билан бирга, бозор ҳам дарров жавоб қайтарган: «Авито»да уй ва машинани қордан тозалаш хизматлари нархи 80 минг рублгача кўтарилгани айтилмоқда.

Қор ёғиши кучайгани сабаб чиқинди ташиш ҳам деярли издан чиққан: коммунал техникалар қор босган ҳовлиларга кира олмаяпти. Ҳудудий муассасалар ва мактаблар эса масофавий иш режимига ўтказилган.

Афсуски, фожиали ҳолатлар ҳам бор: 15 январ куни маҳаллий расмийлар томлардан тушган қор сабаб икки киши ҳалок бўлганини маълум қилган. Дўконлар атрофида айрим маҳсулотлар танқислиги, йирик савдо нуқталарда навбатлар пайдо бўлгани ҳам қайд этилмоқда. Расмийлар эса дўконларни айланиб, энг зарур товарлар бор-йўқлигини назорат қилиб бормоқда.
Огоҳлантиришлар, кўнгиллилар ва тартиб-қоидалар
Ҳокимият аҳолини овоз кучайтиргичлар орқали огоҳлантириб, зуруратсиз уйдан чиқмасликни тавсия қилмоқда. Фавқулодда штаб негизида ташкил этилган кўнгиллилар гуруҳи эса нафақахўрлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кўп болали оилалар ва Украина уруши қатнашчиларининг оилаларига ҳудудни қордан тозалаш, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб беришда ёрдам кўрсатмоқда.
19 январ куни Камчатка губернатори Владимир Солодов комиссия йиғилишидан кейин шаҳардаги муҳим йўллар ва кварталлар ўртасидаги ўтиш йўлларини тезкор тозалашни буюрган. Шунингдек, ЙҲХБ ходимлари энг гавжум чорраҳаларда ҳаракатни қўлбола тартибга солишни бошлаган.
Видеолар, ҳақиқий кадрлар ва сунъий интеллект “қўшган” фантазиялар
Камчатка аҳолиси ижтимоий тармоқларда бу оғир шароитдаги ҳаётни акс эттирган видеоларни фаол жойлаштирмоқда: тез ёрдам ходимлари қор уюмлари ва қор босган подъездлардан бемор олдига етиб боришга уринаётгани, одамлар баъзан деразалар орқали чиқиб кетишга мажбур бўлаётгани, машиналарни қор ичидан қутқариш жараёнлари — барчаси реал ҳаёт кадрлари.

Шу видеолар кенг тарқалган бир пайтда, интернетда сунъий интеллект яратган “экстремал” роликлар ҳам пайдо бўлди: унда гўё қор уюмлари тўққизинчи қаватгача чиққани, одамлар эса уйидан “тойиб” тушаётгани кўрсатилади. Лекин ҳақиқий манзаранинг ўзи ҳам етарлича қаттиқ — бу ерда ортиқча драматизация шарт эмас.

Хулоса қилиб айтганда, Петропавловск-Камчатскийдаги вазият ҳали тўлиқ юмшаганича йўқ: қор камайиши бошланган бўлса-да, хавф-хатарлар сақланмоқда. Бугунги энг тўғри стратегия — қоидаларга амал қилиш, эҳтиёт бўлиш ва бир-бирини ташлаб қўймаслик. Бу қиш Камчатка учун “мавсум” эмас, тарихга кириб қолаётган воқеа.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!