Евро-2016: Очилиш ўйини, Франция ва Руминия баҳси анонси » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz
10-06-2016 | 14:34 ZAMIN.UZ / Спорт / 10 Июн 2016 года
1 142

Евро-2016: Очилиш ўйини, Франция ва Руминия баҳси анонси

Евро-2016: Очилиш ўйини, Франция ва Руминия баҳси анонси

Европа чемпионатининг илк учрашуви А гуруҳи вакиллари, турнир мезбони Франция ҳамда Шарқий Европа вакили Руминия терма жамоалари ўртасида кечади, дейилади "Кун" нашрида. Бу учрашув Париж яқинида, Сен-Дени ҳудудидаги "Стад де Франс" ўйингоҳида, Тошкент вақти билан 11 июнга ўтар кечаси соат 00:00 да бошланади.

Турнирнинг тантанали очилиш маросими 14 дақиқа давом этади. Бу ҳақда шоу ташкилотчиси, Filmmaster Events фирмаси менежери Андреа Франчизи маълум қилган.

Маросимга 550 киши жалб этилган. Улардан 5 нафари профессионал актёрлар. Қолганлар эса Парижда истиқомат қилувчилардан таркиб топган волонтёрлар гуруҳи. Маросимдаги асосий юлдуз Дэвит Гетта бўлади. У швециялик қўшиқчи Зара Ларссон билан бирга Евро-2016 турнири мадҳиясини ижро этади.

Франция термаси Руминиядан 8 баробар "қиммат".
Франция терма жамоаси сафидаги 23 футболчининг умумий трансфер қиймати transfermarkt.de сайти маълумотига кўра, 454 млн долларни ташкил этади. Руминия футболчиларининг жами нархи эса - 55,95 млн доллар. Франция терма жамоаси нафақат ушбу қарама-қаршиликда, балки турнирда ҳам асосий фаворит саналади. Ҳолбуки, французлар турнир арафасида бир неча жиддий йўқотишларга учради: Рафаэль Варан ва Лассана Диарра жароҳат туфайли турнирдан четда қолди, Карим Бензема ва Матьё Вальбуэна эса маиший можаролар туфайли бош мураббий томонидан таркибга киритилмади.

Французлар жамоаси мудофааси турнирдаги энг тажрибали "ҳимоя қўрғони" ҳисобланади. Ярим ҳимоя чизиғи эса буткул ёш футболчилардан таркиб топган. 2015-16 йилги мавсумда Антуан Гризманн, Поль Погба, Дмитри Пайе ва Нголо Канте ўз жамоаларида жуда ёрқин ўйинлар кўрсатишди. Уларнинг ҳар бири алоҳида эътибор қаратишга арзийди.

Руминия терма жамоаси эса "сирли тойчоқ". Аввалги даврлардан фарқли ўлароқ ҳозирда Руминия терма жамоаси сафида Европанинг етакчи жамоаларида тўп сурадиган легионерлар деярли йўқ. 23 футболчидан 4 нафаригина хорижда ўйнайди. Руминияликлар жамоаси сардори, 35 ёшли Рэзван Рац Испаниянинг қуйи лигасига тушиб кетган жамоаси "Райо Вальекано" ҳимоячиси ҳисобланади. У терма жамоада 111 учрашув ўтказган.

Статистика Руминия фойдасига эмас
Франция ва Руминия терма жамоаларининг кейинги 5та ўзаро учрашувида дуранг қайд этилган, яна бир учрашувда французлар ғалаба қилган. "Стад де Франс" ўйингоҳида бу жамоалар фақат бир марта ўйнашган - 2009 йилнинг сентябрида бўлиб ўтган учрашувда томонлар 1:1 ҳисобини қайд этишган. Европа чемпионатида бу терма жамоалар 2 марта тўқнашган, 1996 йилги учрашувда французлар 1:0 ҳисобидаги ғалаба қозонган, 2008 йилги учрашувда ҳисоб очилмай қолган - 0:0. Қайд этиш керакки, 1996 йилги учрашувда ўйнаган француз Дидье Дешам ва румин Ангел Йорданеску айни вақтда ўз терма жамоаларида бош мураббий сифатида фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги учрашувни венгриялик Виктор Кошшаи бошқаради.

А гуруҳида Франция ва Руминиядан ташқари, Швейцария ва Албания терма жамоалари ўрин олган. Бу жамоалар учрашуви шанба куни, Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Теглар: EURO 2016

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru