22:23 / 16.02.2015
6 246

Ислом Аҳмедов: «Олий лига клубларининг тайёргарлиги ачинарли аҳволда»

Ислом Аҳмедов: «Олий лига клубларининг тайёргарлиги ачинарли аҳволда»

"Спорт" канали орқали эфирга узатилган "Футбол шарҳи" кўрсатуви меҳмони бўлган таниқли мутахассис Ислом Аҳмедов терма жамоалар ва клублар бош мураббийлари ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Ҳозирги Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари бош мураббийлари аҳволига ҳавас қилмайман. Боиси, уларда футболчиларни жамоага танлаб олиш учун имконият кенг эмас. Сабаби, клубларимиз бош мураббийлари яхши савиядаги футболчиларни тарбияламай қўйишди. Терма жамоалар бош мураббийлар 5 кун ичида яхши футболчини тарбиялай олишмайди.

ЎзПФЛ ёрдамида декабрь ойи сўнгида Олий лиганинг 16та клуби бош мураббийларини йиғдик ва замонавий машғулот ўтказиш борасида маъруза ўқидим ва амалий машғулотларда кўрсатиб бердим. Буни ким тушунди, қайси мураббий тушунмади, билмадиму, аммо жамоаларнинг январь ойидаги машғулотларига эътибор берсам, барчаси яна ўша ўзи ўрганиб қолган эски тизимда ишлаётган экан. Уларнинг бирортаси замонавий асосда ишлашни истамади. Уларнинг бирортаси янгиликка интилмайди. Олий лига клубларининг тайёргарлик жараёни ачинарли аҳволда.

Бундан ташқари Олий лига клубларимиз атрофида турли миш-мишлар кўпайиб кетган. Клуб ҳомийси жамоага пул берганидан кейин клуб президенти ва жамоа мураббийини таклиф қилиб, натижа талаб қилиш билан бирга сифатни ҳам талаб қилиши лозим. Жамоа мураббийлари ва футболчилари замонавий ишлашсин, ўйинни ўстиришсин, яхши ўйин кўрсатишсин. Шунда турли миш-мишлар ўз-ўзидан йўқолиб, мухлислар стадионга қайтишади. Бугунги кунда биз мухлисларни йўқотиб қўйдик-ку. Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз мухлисларни стадионларга қайтариш бўлишлари керак. Шу боис терма жамоалар бош мураббийларига ачинаман", - дейди Ислом Аҳмедов.

Манба: www.stadion.uz.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ислом Аҳмедов: «Олий лига клубларининг тайёргарлиги ачинарли аҳволда»