Ислом Каримов: Ўқитувчиларнинг меҳнати юксак баҳоларга сазовордир » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

Ислом Каримов: Ўқитувчиларнинг меҳнати юксак баҳоларга сазовордир

Ислом Каримов: Ўқитувчиларнинг меҳнати юксак баҳоларга сазовордир

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўқитувчи ва мураббийларни ҳар йили 1 октябрь куни нишонланадиган касб байрами билан табриклади. Табрик матни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида эълон қилинган.

«Бу дунёда ҳар қайси онгли инсон – қаерда ишламасин, қандай касбу кор, лавозим эгаси бўлмасин, унга билим ва тарбия бериб, ҳаётга йўллаган муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлари олдида ҳамиша қарздорлик ҳисси билан яшайди», — дейилади давлат раҳбарининг табригида.

«Ҳақиқатан ҳам, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бағишлаб, барчамизга эзгуликдан сабоқ берган, отадек мўътабар, онадек меҳрибон сиз, азиз устозларнинг ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган машаққатли ва шарафли меҳнатингиз учун ҳар қанча таҳсин ва ташаккурлар айтсак, арзийди», — дея қайд этди Президент.

Ислом Каримовнинг таъкидлашича, бундан 18 йил олдин қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва 2004 йилда тасдиқланган Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури, «шу соҳада амалга оширган бошқа кенг кўламли ишларимиз нафақат таълим-тарбия тизимини, балки бутун жамиятимиз ҳаётини кескин ўзгартириб юборгани, ижобий маънодаги «портлаш эффекти»ни берганига бугун яққол гувоҳ бўлмоқдамиз».

«Келажагимизни ҳал қиладиган ана шундай оламшумул ишга қўшган буюк ҳиссангиз учун ўзимнинг энг яқин маслаҳатчиларим ва маслакдошларим бўлган сиз, азизлардан умрбод миннатдорман ва барчангизга чин қалбимдан таъзим қиламан», — деди Президент.

«Бугунги кунда миллионлаб болаларимиз янгитдан барпо этилган ва реконструкция қилинган 10 мингга яқин мактабларда, 1 минг 556 та лицей ва коллежда, 70 дан зиёд олий ўқув юртларида янги таълим тизими асосида билим ва тарбия олиб, замонавий касб-ҳунарларга эга бўлиб ҳаётда ўз муносиб ўрнини топмоқда, мамлакатимиз таълим моделининг самараси ва рақобатдошлигини халқаро майдонларда яққол намоён этмоқда», — дейилади Президент табригида.

Айни вақтда, давлатимиз раҳбарининг қайд этишича, шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув жараёнлари, интеллектуал салоҳият, Интернет ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани, жаҳон бозоридаги рақобат кўлами ва кескинлиги тобора шафқатсиз тус олаётгани ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ олдига ғоят муҳим ва ўткир талабларни қўймоқда.

«Бугун ҳаммамизга аён, ана шундай талабларни ҳисобга олиб, улар билан ҳамоҳанг бўлиб яшамасак, бутун борлиғимизни шу йўлда сафарбар этмасак, ҳеч шубҳасиз, биз умумбашарий тараққиётдан четда қолиб кетишимиз муқаррар. Ҳозирги кунда замоннинг ўзи биздан эришган ютуқлар билан кифояланмасдан, янада юксак марралар сари қатъият билан боришни, шу йўлда ўз билим ва тажрибамизни, касб малакамиз ва маҳоратимизни муттасил бойитиб, такомиллаштиришни талаб этмоқда», — деди Президент.

«Шу маънода, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мунтазам равишда замон талаблари даражасига кўтариб бориш, педагогика университети ва институтларидаги ўқув жараёнларини танқидий баҳолаб, уларни юксак мезонлар асосида ташкил этиш, соҳага илғор таълим ва ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш, бир сўз билан айтганда, педагог кадрларнинг янги авлодини шакллантириш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз лозим», — дея қайд этди Ислом Каримов.

«Нега деганда, ўз ишидан қониқмасдан, доимо янгиликка интилиб, билим ва малакасини ошириш устида ишлайдиган, ҳаёт билан ҳамқадам бўлиб яшайдиган ўқитувчи ва муаллимларгина ҳар томонлама етук инсонларни камол топтиришга қодир бўлади», — дея қайд этди Президент.

Президентнинг ёдга солишича, «мафкура соҳасида ҳеч қачон бўшлиқ бўлмайди. Агар озгина бўшлиққа йўл қўйсак, уни албатта бизга ёт ва бегона бўлган кучлар эгаллаб олади».

«Ҳозирги кунда бутун дунёда ёш авлоднинг онги ва қалбини эгаллаш учун қандай кескин кураш бораётгани, бизнинг ҳаёт тарзимизга, маънавиятимизга, динимизга мутлақо зид бўлган зарарли фикр ва ғояларни тарқатиш орқали ҳали дунёқараши мустаҳкам шаклланиб улгурмаган фарзандларимизни ўзининг қабиҳ тузоғига илинтириш учун турли марказлар томонидан қанча-қанча куч ва маблағлар сарфланаётгани сизларга яхши маълум, албатта. Халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётига, болаларимизнинг келажагига қарши қаратилган таҳдидлар – бу халқаро терроризм ва экстремизм бўладими, гиёҳвандлик ёки «оммавий маданият» кўринишлари бўладими – бундай бало-қазоларни остонамизга йўлатмаслик, ўғил-қизларимизни уларнинг ёвуз таъсиридан асраш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифамизга айланмоқда. Бундай ўткир зарурат таълим-тарбия муассасаларининг ота-оналар, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар жамоатчилиги, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада кучайтиришни талаб этмоқда ва бу йўлда сизлар бундан буён ҳам ўз куч-ғайратингизни аямайсиз, деб ишонаман», — дея қайд этди Ислом Каримов.

«Бизнинг асосий вазифамиз – ёш авлодга фақат билим беришдан иборат эмас, балки бугун дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқара оладиган, «Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!» деб, ўз ери, ўз юртига садоқат туйғуси билан яшайдиган, Ўзбекистон фуқароси деган шарафли номга ҳар томонлама муносиб бўлган инсонларни тарбиялаш – барчамизнинг муқаддас бурчимиздир», — деди Президент.

«Сизларнинг масъулиятли хизматингизни муносиб қадрлаш, фаолиятингизни янги босқичларга кўтариш учун зарур шароитларни яратиш масаласи бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий эътибор марказида бўлади, деб сиз, азизларни ишонтириб айтишга бугун тўлиқ асосларимиз бор. Барчангизни қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, сизларга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака, бахту саодат, эзгу ишларингизда янгидан-янги ютуқ ва омадлар тилайман», — дея қўшимча қилинади Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг табригида.

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru