06:53 / 16.02.2020
2 817

«Бобур ваъдасида туриб, Бенгалия мустақиллигини сақлаб қолган» – Бангладеш элчиси билан суҳбат

«Бобур ваъдасида туриб, Бенгалия мустақиллигини сақлаб қолган» – Бангладеш элчиси билан суҳбат
Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Масуд Маннан
14 февраль куни Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига 537 йил тўлди. Бангладешнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Масуд Маннан билан кечган суҳбатимиз айни шу мавзудан бошланди.

— Тасаввурингизда Заҳириддин Муҳаммад Бобур шоҳ ва шоир сифатида қандай гавдаланади?
— Саволингиз учун раҳмат. Бу мен учун қизиқ мавзулардан бири. Заҳириддин Муҳаммад Бобур тахтга ўтирганида анча ёш бўлган, шу сабабли кўп имкониятлари чекланган эди. Юртдошларига нимага қодирлигини исботлаш учун мамлакатини тарк этди.

У Афғонистондан тортиб Ҳиндистонгача кенг сарҳадни эгаллаб, ўз пойтахтини барпо қилгач, империяни мустаҳкамлашни бошлади. Мағлубияти туфайли қайтиб бормаслик учун жанг-у жадалларда ғалаба қозонди. Оиласида ҳам муаммоларга учраган.

Ўша пайтда Ҳиндистон ҳудуди чегаралари Афғонистондан бошлаб, Покистон ва Бангладешдан иборат бўлган.
Бобур ҳукмронлик йилларида Бангладешга сафар уюштирмаган. Набираси Акбаршоҳ даврида унинг аскарлари ҳозирги Бангладешга келишган.

Бангладешда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида бизга тарих фанининг бир қисми сифатида ўқитилган. Унинг шоирлик ҳаёти ҳақида гапирсам. Ёшлигимда унинг шеърияти ҳақида чуқур билмасдим. Ўзбекистонга келганимдан кейин, «Бобурнома» ва Бобур шеъриятидан тўла баҳраманд бўлдим. Бобур ижоди ва ҳаётига нисбатан қизиқишим орта бошлади.

Унинг шеъриятида нафақат романтизм, ҳис-туйғулар ёки табиатнинг тасвири, балки уларда ҳаётидаги паст-у баландлиги ҳам тасвирланган.

У файласуф ҳам эди. Баъзида халқини, ёр-у биродарларини тарк этгани учун ўксинган. Андижон, Самарқанд, Фарғона шаҳарларида бўлганимда, жаннатмакон мамлакатни тарк этиб, буюк империя қуриш осон эмаслигини тушунаман. Ватан соғинчи, доим ғолиб бўлиш истаги, янги сулола тузиш шодлиги унинг шеъриятида акс этган.

Дунёда камдан-кам инсон ҳаётда шунчалик кўп саргузаштни бошдан кечириш имконига эга бўлган, нафақат шоир, файласуф, балки адолатли ҳукмдор ва олим сифатида ўзини намоён қилган.

— Бобурномада Бангладеш ва бенгал халқи ҳақида қандай қизиқарли маълумотлар учрайди, қизиқиб кўрганмисиз?
— Албатта, ҳамма воқеаларни ҳам эслай олмайман. Андижон шаҳридаги Бобур музейида бўлганимда, ажойиб суратга кўзим тушди. Унда Ҳиндистондаги Бобур саройига бенгалияликлар келгани, Бенгалияни забт этмасликни сўраб совғалар олиб келишгани тасвирланган.

Суратда бенгаллар ҳурпарвар халқ бўлгани акс эттирилганди. Улар мустақиллигини йўқотишни хоҳлашмаганди. Бобур ҳақиқатан ҳам уларнинг илтимосини бажарган. Бенгалия унинг ҳукмронлиги остига ўтмади, набираси Акбар даврига келибгина бўйсундирилди. Ҳатто ўғли Ҳумоюн даврида ҳам Бенгалия мустақил эди. Бу – алоҳида таъкидлаб ўтилиши керак бўлган жиҳатлардан бири.

Сурат менда катта таассурот қолдирди, чунки бунда Бобурнинг ҳашаматли саройи ўзгача рангларда тасвирланган. Унда Бобурнинг сахийлиги ҳам намоён бўлган. Шунингдек, суратда бенгалларнинг юз тасвири маҳорат билан тасвирланган.

Биографик характерга эга «Бобурнома»да ўзи жорий этган қонунлари орқали мамлакатни қандай бошқарганини ўқишимиз мумкин. Асарда Бенгалия ҳақида айтганини ҳозир аниқ эслай олмайман, бундан 18 йил олдин инглиз тилида «Бобурнома»ни ўқигандим. Лекин бир жиҳатни аниқ биламан: Бобур Бенгалияни ишғол қилиш учун аскарларини жўнатмаган. Аксинча, бенгалларга қулоқ тутган ва мустақиллигини сақлаб қолган.

— Бангладеш тили тарихи қандай кечган, қачондан мустақил давлат тили сифатида расман эълон қилинган?
ؙ— Мустақиллик қўлга киритилганидан кейингина расмий давлат тили мақомига эга бўлиш мумкин. Покистон мустамлакаси остида бўлганимизда ўз тилимизга эга бўлдик. 1954 йилда Покистоннинг давлат тилларидан бири бўлмиш бенгал тилига эга бўлдик.

Бенгал тилининг тарихи минг йилликка бориб тақалади, у инглизлар томонидан бенгали деб аталган. Бенгал тили ҳиндларнинг эски санскрит тилидан келиб чиққан. Бенгаллар ёзувда санскрит тилидан фойдаланган. Бенгал тили эса оғзаки тил ҳисобланган.

Тилимиз ўрта асрларда анча ривожланди. Бу даврда шоир-у ёзувчилар, ҳатто бенгал аёл ёзувчилар ҳам тилни ривожлантиришга ҳисса қўшишган. Жараён чоржапот ёзуви юзага келишидан бошланган.

Чоржапот – ёзувнинг бир тури бўлиб, бенгал тили ёзма шаклда шундан ёзила бошланди ва бойитилди. Чоржапотдан кейин ўрта асрда ўша даврдаги ҳинд динига ва фолклорига асосланиб, (худди Гомернинг «Илиада ва Одиссея» деб номланган эпик қаҳрамонлик асарлари) халқ достончилик асарлари ёзилди. Нафақат мусиқа, балки баъзи халқ драмалари ҳам ривожланди.

Ўрта асрлардан кейин бадиий адабиёт ривожланиб ҳикоялар битилди. 1913 йилда бенгалиялик Робиндранат Тагор «Гитанжали» асари учун Нобел мукофотига сазовор бўлди.

Бизнинг ҳаракатимиз 1947 йил Ҳиндистон ва Покистон иккига бўлинганидан сўнг бошланди. Давлат тилига эга бўлиш 1948 йил 11 мартдан Дакка университети талабалари томонидан расмий равишда талаб қилинди. Ундан олдин, Покистон қайси тиллардан фойдаланади, деган мунозара бошланди. Ўша пайтда расмий тил урду ва инглиз тиллари эди: ўша пайтда инглизлар бошқаруви остида эдик, ҳукмрон табақанинг жуда озчилиги урду тилида гаплашар эди.

Ўша вақтларда бенгалияликлар Покистон аҳолисининг 55 фоизини ташкил этар эди. Шунинг учун бенгал тили Покистоннинг давлат ёки миллий тилига айланишини талаб қилдик. Аввалига ҳукмрон табақа бунга рози бўлмади.

1948 йил 11 мартда Муҳаммад Али Жинна хотира майдони олдида талабалар норозилик намойиши ўтказишди. 1952 йил 21 февралда Дакка университетида талабалар томонидан намойишлар уюштирилди. Шарқий Бенгалия парламенти ёки бошқача айтганда Покистоннинг Шарқий парламенти Дакка университети яқинида сессия ўтказаётган эди. Бенгалия парламенти аъзоларидан бир нечтаси Дакка тиббиёт коллежи, Дакка университетининг ёнида намойиш пайтида полиция отган ўқ натижасида талабалар ҳалок бўлганидан хабар топишди.

Парламент аъзолари ҳам Покистон парламентига, ҳам Бенгалия парламентига бенгал бўйича талаб қўйди. Вафот этган талабаларга ҳурмат кўрсатди. 1954 йилда бенгал тили бутун Покистон миллий тили сифатида қабул қилинди.

Шундан кейин бенгал тилини миллий тил деб эълон қилиш анча осон кечди. Лекин биз ҳар доим 1952 йил 21 феврални эслашимиз керак, чунки бу кунда Дакка шаҳридаги бир қанча талабалар ва ёшлар вафот этган. Ҳар йили 21 феврал байрам сифатида нишонланади.

1999 йил 17 ноябрда Бангладеш ҳукумати таклифига биноан бу кунни дунё миқёсида Халқаро Она Тили куни сифатида эътироф этди. Ушбу тарихий кун 1999 йил ЮНЕСКОнинг Париждаги штаб-квартирасида бўлиб ўтди.

Бенгал тили 1954 йилда Покистоннинг давлат тили деб эълон қилинди. Бангладеш мустақиллиги (1971 йил 16 декабрда озодлик урушидан сўнг) эълон қилинганидан кейин умумхалқ тилига айланди. Конституциямиз имзолангандан кейин (1972 йил 15 декабрда) бенгал тили расмий равишда Бангладешнинг миллий тили бўлди.

— Бангладешликларда бенгал тилига муносабат қандай ва бошқа тиллар, хусусан, инглиз тили қандай таъсир қиляпти? Ўз тилларини унутиб қўйиш, инглиз тилида гапириб кетиш каби ҳолатлар учрайдими?
— Бангладешликлар мактабдан тортиб университетгача бенгал тилида таълим олишади. Биз уни ривожлантириш учун меҳнат қиламиз. Она тилимизни сақлаб қолиш учун 1952 йилда қанчадан қанча ватандошларимизни қурбон қилганимиз, Нобел мукофотига эга жуда бой тилимиз борлигини ҳар доим эслаймиз.

Бангладешда бенгал тилида гаплашадиган 180 миллион аҳолидан ташқари мамлакат ташқарисида, яъни Ҳиндистон ва бошқа қўшни давлатларнинг бир қисмида бенгал тилини тушунади ва гаплашишади. Айниқса, Ҳиндистонда 120 миллион, бутун дунё бўйлаб эса қарийб 300 миллион киши бенгал тилида гаплашади. 21 феврални нафақат Бангладешда, балки дунёнинг турли мамлакатларидаги бенгалияликлар орасида нишонлаймиз.

Нью-Йорк ва Лондонда бенгал тилидаги телеканалларимиз бор, уларни бангладешликлар бошқаришади. Фуқаролар инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўрганадилар. Чет эл компаниялари, элчихоналарида ишлашни хоҳловчилар, чет элда олий маълумот олмоқчи бўлганлар ёки мигрантлар эҳтиёжларига қараб инглиз тилини ўрганишади.
Саудия Арабистонида 3 миллион бенгал фуқароси истиқомат қилади. Улар асосан араб тилини ўрганишади.

Инглиз тили – бенгал тили ривожида тўсиқ эмас, балки ёрдамчи вазифасини ўтайди, деб ҳисоблайман. Чунки информатика, дастурлаш илмини эгаллаш учун инглиз тилини ўрганишингиз керак, аммо бу ўқимишли, университетга борадиган одамлар учун иккинчи тил, кундалик фойдаланиш учун эмас. Кундалик фойдаланиш, иш ва шахсий ҳаёт учун, адабиёт ва маданият соҳаларида бенгал тилидан фойдаланилади.

Юртингизда Ёзувчилар уюшмаси бўлгани каби, Бангладешда ҳам Бенгал академияси бор. Бу собиқ Бош вазирнинг уйи бўлиб, 1954 йилдан бенгал тили давлат тилидан бири, деб эълон қилинди. Уй бадиий академияга айлантирилди.

— Бангладешда давлат тили ривожи учун қандай ишлар қилиняпти? Интернет олами кенгайди ва шунга мос бенгал тилини ўрганиш, ўргатиш ва компъютер дастурларини яратиш бўйича қанақа ишлар қилиняпти?
— Бенгал Академияси фаолияти ҳақида гапирмоқчиман. Бу – нафақат ёзувчилар уйи, балки адабиётни, луғатни ривожлантириш, мунозаралар, семинарлар, халқаро семинарлар қилинадиган марказ.

Бенгал тили ва Бангладешдаги бошқа тилларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш учун Халқаро она тили институти ташкил қилинган.
Бизда барча коллеж ва университетларда бенгал тили бўлимлари бор. Уларда, асосан, бенгал тилини бойитиш, талабаларга ўргатиш мақсад қилинган.

Сиз ахборот технологиялари соҳасини қай даражада ривожлантираётганимиз ҳақида қизиқдингиз. 30 йил аввал бенгал ёзувида дастур ишлаб чиқишни бошладик, ҳаттоки шеър ёзадиган дастур ҳам яратилди. Бу каби ишланмалар кўп.
Бизда ҳозирда 150та университет бор ва деярли барча университетларда бенгал тили мажбурий фанлардан бири ҳисобланади.

Муҳаббат Мамирова ва Йигитали Маҳмудов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Бобур ваъдасида туриб, Бенгалия мустақиллигини сақлаб қолган» – Бангладеш элчиси билан суҳбат