
2026 йил феврал ойида етказиб бериладиган олтин фьючерслари Нью-Йоркдаги Comex биржасида бир троя унцияси учун 4367 долларга етди. Бу 21 октябрдан бери энг юқори кўрсаткичдир.
Тошкент вақти билан соат 16:37 да қимматбаҳо металнинг нархи 4369 долларни, соат 17:04 да эса 4372 долларни ташкил этди. Апрел ойида Goldman Sachs банки йил охирига келиб олтин нархи бир унция учун 3700 долларга етиши мумкинлиги ҳақида прогноз билдирган эди.
Банк бу прогнозни глобал марказий банклар томонидан талабнинг ошиб бориши билан изоҳлаган. Жорий йил бошидан буён дунё бўйлаб марказий банклар жами 254 тонна олтин харид қилишди.
Энг йирик харидор давлатлар сифатида Польша ва Қозоғистон қайд этилган. Фақатгина октябр ойида марказий банклар томонидан 53 тонна олтин сотиб олинган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 36 фоизга кўпроқдир.
1 декабр ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 61,2 миллиард долларга етиб, регулятор учун рекорд кўрсаткични қайд этди. Жисмоний олтин ҳажми эса ой давомида 12,2 миллион троя унциясигача ошди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.