
Тожикистон Ўзбекистондан электр энергияси сотиб олишни бошлади. Декабр ўрталарида кундалик етказиб бериш ҳажми 2 миллион кВт·соатни ташкил этди. Бу ҳақда Asia-Plus хабар берди.
Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазирлиги маълумотларига кўра, ўзбек электр энергияси мамлакатдаги энергия таъминоти ҳолатини яхшилаган.
Душанбе келгусида Ўзбекистондан импортни оширишни режалаштирмоқда. Шунингдек, Тожикистон Қозоғистон ва Туркманистондан электр энергияси етказиб бериш бўйича дастлабки келишувларга эришган.
Бироқ, Душанбе халқаро энергия бозорига фақат Ўзбекистон орқали чиқиш имкониятига эга. Бу сабабли транзитни таъминлаш учун Тошкент билан келишув зарур.
Бундан ташқари, Тожикистон Марказий Осиё Ягона энергия тизимига қўшилиш устида иш олиб бормоқда. Мамлакат 2024 йилнинг январ-март ойларида ушбу тизимга уланишни режалаштирган.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда электр энергиясини тежаш бўйича чора-тадбирлар жорий этилган. Агар истеъмолчи бир вақтнинг ўзида 4 кВт қувватдан ошиқ электр энергияси ишлатса, электр таъминоти автоматик равишда 30 дақиқага узилади.
Шунингдек, давлат корхоналари иш соатлари тугагач электр тармоғидан узиб қўйилади. Электр автомобиллари учун қувватлаш станциялари эса 18:00 дан 22:00 гача ишламайди.
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон 16 декабрь куни мамлакатда энергия чекловлари 2027 йилда бекор қилиниши ҳақида маълум қилди. У тожикистонликларни ҳукумат бу муаммони ҳал қилиш учун чора-тадбирлар кўраётганига ишонтирди.
Жумладан, республикада қуёш электр станциялари қурилмоқда ва Роғун ГЭСининг учинчи турбинасини 2027 йил кузида ишга тушириш режалаштирилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.